Транспорт “артерия”ларига алоҳида аҳамият беришимиз керак — Мирзиёев

Транспорт соҳасидаги трансформация жараёнлари тақдимот қилинди
Sputnik
TOШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда йиллик йўловчи ташиш кўрсаткичи 6 миллиондан ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган темир йўл ва авиация соҳасидаги давлат компанияларида трансформация жараёнларининг боришига оид тақдимотда сўз борди.
Темир йўл тизимида амалга оширилган ишлар:
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибида 6 та мустақил корхона ташкил этилди;
1 минг 200 та янги юк вагони олинди, ички йўналишда юк ташиш вақти 2 карра камайди;
рақамлаштириш натижасида вагонга буюртма бериш 7 босқичдан 3 босқичга, бунга кетадиган вақт 72 соатдан 12 соатга қисқарди;
Тошкент атрофида поездларни ўтказиш имконияти 30 фоизга ошди;
илгари зарар билан ишлаган акциядорлик жамияти бу йил 30 миллиард сўм фойдага чиқаяпти.
Авиация соҳасида амалга оширилган ишлар:
“Uzbekistan Airways” тизимида авиақатновлар 25 фоиз кўпайди;
маҳаллий йўналишларда самолётлар сони 8 тага етиб, ички қатновлар 2,5 баробарга ошди;
Марказий Осиёдаги халқаро ташувларда миллий авиакомпания улуши 20 фоизга етди.
Айтилишича, йиллик йўловчи ташиш кўрсаткичи 6 миллион нафардан ошиши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев провел совещание по мерам развития инвестиционного климата и деловой среды, повышения благосостояния населения в Наманганской области
“Uzbekistan Airports” самолётлар, юк ва йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Аэропортлар бошқарувига хусусий сектор жалб қилингани самара бераяпти. Дунёдаги 44 та авиакомпания мамлакатга парвозни амалга ошираяпти. Аэропортлар орқали юк ташиш ҳажми ҳам бу йил 22 фоизга ошиши кўзда тутилган.
Шу боис йўналишларни диверсификация қилиш, ташиш жараёнларини тезлаштириш, транспорт хизматлари таннархини пасайтириш жуда муҳимлиги қайд этилди.
“2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйдик. Шунинг учун транспорт “артерия”ларига алоҳида аҳамият беришимиз керак, – деди президент.
Ҳозиргача соҳада 25 йил олдин қабул қилинган қонун бўйича иш юритиб келинган. Айтилишича, янги таҳрирда имзоланган “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонун соҳага хусусий компаниялар ва инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилмани ривожлантиришга кенг йўл очади.
Соҳада трансформацияни жадаллаштириш, қурилиш ва модернизация лойиҳаларини сифатли бажариш лозимлиги айтилди.
Таъкидланишича, халқаро кредит рейтинги олиш, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш, инвестицияларни самарали ишлатиш ҳам муҳим вазифалар қаторида.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳали аҳолини рози қиладиган даражага етгани йўқ. Халқаро рейтинг олиб, ташқи бозорга чиқиш кечикаяпти. Оқибатда таннарх юқорилиги учун чипта нархида сезиларли ўзгариш йўқ. Харажатларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар ижроси суст. Шу боис консалтинг компанияси жалб қилиб, трансформация бўйича аниқ дастур ва “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди”, — дейилади хабарда.
Самарқанд аэропорти хусусий бошқарувга берилгач, парвозлар ва йўловчилар сони 5 баробар ошган. Энди Наманган, Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларида ҳам шундай мақсад кўзланган. Йил якунигача аэропортларда қўшимча хизматларни 2 карра кўпайтириш, даромадни 25 фоиз ошириш мўлжалланган.
Халқаро бозордан мустақил ресурс жалб қилиш, Навоий аэропорти терминалидан тўлиқ фойдаланиш чоралари белгиланди.
Мирзиёев мазкур 3 та компанияда рақамлаштиришни жадаллаштириш, режаларни қайта кўриб чиқиб, иқтисодий натижадорликни ошириш бўйича топшириқлар берди.