TOШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда фаол нуронийлар ҳар ой рағбатлантирилади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, маҳаллаларда катта ҳаётий тажрибага эга бўлган обрў-эътиборли 3 нафар фаол нуроний бешта камбағал оилага бириктирилади.
Нуронийлар қуйидагиларни амалга оширади:
хонадон томорқасидан самарали фойдаланиш ва кичик ишлаб чиқариш ускуналари ва бошқа зарур техника воситаларини бўлиб тўлаш шарти билан ижарага олишга ёрдамлашиш;
оила фарзандларини ҳунарманд ва усталарга шогирдликка бириктириш шунингдек, ушбу оилаларнинг таълим муассасаларида ўқиётган фарзандларини ўқув жиҳозлари ва қуроллари ҳамда спорт кийимлари билан таъминлаш;
пиёда юриш маданиятини тарғиб қилиш;
хонадонларнинг санитария ҳолатини яхшилашга ва тозаликни сақлашга, оила аъзоларини зарарли одатлардан воз кечишга чақириш;
кекса ёшдаги фуқаролар учун мос келадиган спорт тадбирларини ташкил этиш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш;
Оилаларда аҳиллик ва яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантиришга.
Нуронияларга оилалар 6 ой муддатга бириктирилади.
“Фаол нуронийлар ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизи миқдорида рағбатлантириб борилади”, — дейилади ҳужжат матнида.
Кекса ёшдаги фуқароларни спортга жалб қилиш учун ҳар бир маҳаллага йилига 10 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилади.