Тошкентда автобус ва метро йўлкира нархлари ошиши кутилмоқда

Пойтахт йўналишларидаги барча автобуслар салонида йўл ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. 2025 йил 1 январдан Тошкентдаги автобус ва метрополитен қатновлари учун йўлкира нархи оширилади. Бу бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ҳужжат билан келаси йил 1 январдан жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) қатновларни амалга ошириш учун йўлкира ҳақининг бир қатор чекланган тарифлари белгиланмоқда.
бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф — 3000 сўм. Бунда, бир йўловчи қатнови учун 1 марталик тўловни электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда — 1 700 сўм ундирилади;
бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун — 4000 сўм;
қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган тариф режаларини ҳисоблаш учун чекланган тариф — 1600 сўм.

“Қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган транспорт карталарининг ва транспорт карталаридан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тариф режаларининг нархлари ўзгаришсиз қолдирилсин”, — дейилган ҳужжат матнида.

Қайд этилишича, пойтахт йўналишларидаги барча автобуслар салонида йўл ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади. Йўлкира ҳақини фақат электрон тарзда қабул қилиш амалиёти жорий этилади.
Маълумот учун, ҳозирда бир йўловчи қатнови учун чекланган тарифлар нақд пул билан 2000 сўм, барча турдаги банк карталари ва АТТО транспорт картаси орқали тўлов учун эса 1700 сўм.