TOШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) раиси этиб сайланди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Telegram-каналида.
Қайд этилишича, Миллий олимпия қўмитасининг Бош ассамблеяси бўлиб ўтди.
“Миллий олимпия қўмитаси раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номзоди илгари сурилди ва бир овоздан сайланди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, Бош ассамблея МОҚ раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Отабек Умаровни, раис ўринбосари лавозимига Шерзод Ташматовни, қўмита бош котиби лавозимига Ойбек Қосимовни сайлади.
Йиғилишда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Президент Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдураҳманов, спорт вазири Адҳам Икрамов, Бош ассамблея аъзолари, шунингдек, федерация ва ассоциацияларнинг масъуллари ҳам қатнашди.