Нейрон тармоқлар замонавий медиага қандай ёрдам бериши мумкин: SputnikPRO маҳорат дарси

ЎзДЖТУда сунъий интеллект бўйича SputnikPro маҳорат дарси бўлиб ўтди.
Sputnik
SputnikPRO лойиҳаси доирасида “Россия сегодня” медиагуруҳининг Интернет технологиялари марказининг контентни оптималлаштириш йўналиши раҳбари Эдуард Булатов оммабоп нейрон тармоқлар, уларнинг имкониятлари ва самарали промтлар (нейрон тармоқлар учун сўровлар) яратиш қоидалари ҳақида гапирди.
Тренинг иштирокчилари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети талабалари ва ўқитувчилари бўлди. Булатовнинг сўзларига кўра, нейрон тармоқлар ишни соддалаштиради ва журналистлар учун фойдали воситага айланиши мумкин, бироқ улар билан тўғри ишлай олиш муҳим.
"Нейрон тармоқлардан фойдаланиш юқори тўсиқларга эга, чунки сизнинг олдингизда чат очилади, у билан сиз малакали мулоқот қилишингиз керак. Фойдаланувчи қониқарли натижага эришиш учун ҳар доим ҳам сўровни тўғри шакллантира олмайди”, — деди у.
Булатовнинг таъкидлашича, нейрон тармоқлар билан муваффақиятли ишлаш учун уларнинг беқарорлигини ҳисобга олиш керак, чунки жавоблар ҳар куни ўзгариши мумкин. Шунинг учун асосийси ўзаро таъсир мақсадларини аниқ тушуниш ва тўғри сўров, кўрсатмаларни тузишдир.

“Сизнинг кўрсатмаларингиз жуда қисқа бўлмаслиги керак, лекин кириш сўзлари билан ортиқча юкланмаслиги керак. Тўғри сўровни яратишга ёрдам берадиган махсус хизматлар ҳам мавжуд. Айтганча, нейрон тармоқлар ўзбек тили билан яхши ишлайди, шунинг учун мен улар билан тажриба ўтказишни тавсия қиламан”, — дея қўшимча қилди Булатов.

Бундан ташқари, нейрон тармоқлардан қандай вазифалар учун фойдаланишни режалаштираётганингизни тушуниш муҳимдир.

“Масалан, мақола яратишингиз мумкин бўлган хизматлар мавжуд: тилни, шрифт ҳажмини, матн туси ва нечинчи шахсдан ёзилишини танлашингиз мумкин. Бу воситалар сизнинг сўровингизга мослашади", – дея тушунтирди мутахассис.

Бироқ у яратилган матнлар доимо текширилиши ва фактчекинг қилиниши кераклигини эслатди. Нейрон тармоқлар ишни соддалаштириши мумкин, аммо одамнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди.

“Нейрон тармоқ сизга матн ёзишда ёрдам бериши мумкин, лекин сиз унга вазифани тўлиқ топшира олмайсиз. Бу тайёр ечим эмас,кўпроқ илҳом манбаи. Масалан, нейротармоқ сизга диплом ёзиб бермайди”, – дея аниқлик киритди "Россия сегодня" мутахассиси.

Нейрон тармоқларибилан юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга келсак, Булатов улардан фирибгарлик учун фойдаланиш ва муаллифга тегишли бўлмаган маълумотларни тақдим этишни қайд этди.

“Бу одамлар учун янги чақириқ, бироқ мен барча инновациялар яхшилик учун эканлигига ишонаман, асосийси бу хизматлардан ўйламай фойдаланмасликдир”, – деб хулоса қилди у.

Учрашув Sputnik агентлиги томонидан нейрон тармоқлардан фойдаланган ҳолда яратилган сунъий бошловчи лойиҳаси тақдимоти ва савол-жавоблар билан якунланди, унда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, мутахассисдан фойдали тавсиялар олишди.
Маълумот учун: SputnikPRO – Sputnik агентлиги ташаббуси билан йўлга қўйилган ОАВ соҳасидаги халқаро таълим лойиҳаси ҳисобланади. Бу журналистлар, матбуот котиблари, блогерлар ва олий ўқув юртларининг ихтисослаштирилган бўлимларининг юқори курс талабалари учун энг яхши рус ва хорижий медиа-менежерлар, экспертлар ва агентликнинг етакчи мутахассислари томонидан ноёб семинарлар, маърузалар ва маҳорат дарслари тизимидир.