TOШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси “Адолат” СДП ва Экологик партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари томонидан ишлаб чиқилди.
Запрещается приватизация "ботанических садов" и их земель
© Законодательная палата Олий Мажлиса республики Узбекистан
“Қонун лойиҳасида Жиноят кодекси, Ер кодекси, Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги, Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ва Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги қонунларга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда”, — деди депутат Хайрилло Гаппоров.
Ҳужжатда маданий ҳордиқ масканлари, уларнинг ерлари ҳамда ушбу ерлардаги бино-иншоотни бегоналаштиришни, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, уларда бино-иншоот қуриш (енгил турдаги объектлар бундан мустасно) ёки мавжуд бино-иншоотни қурилиш ости майдонини кенгайтиришни тақиқлаш назарда тутилмоқда.
Бу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан “ботаника боғлари” муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритиляпти. “Ботаника боғлари” ва уларнинг ерларини ҳам бегоналаштириш, уларнинг ҳудудида бино-иншоотлар қуриш ёки қурилиш ости майдонларини кенгайтириш тақиқланмоқда.
“Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини дам олиш масканлари ва бошқа яшил зоналарни муҳофаза қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади. Ушбу масканлар ва уларнинг ҳудудларини сақлаб қолишга, экология ва атроф муҳитнинг яхшиланишига ҳамда мансабдор шахсларнинг масулиятини оширишга хизмат қилади”, — деди Гаппоров.
Қуйи палата спикери ўз сўзида қонун концепцияси яхшилиги, лекин “дам олиш масканлари” деганда айнан қандай жойлар назарда тутилганига аниқлик кириш кераклигини қайд этди.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.