TOШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Хитойнинг Экспорт-импорт банки (Эксим банк) Тошкентда минтақавий ваколатхонасини очди, дея хабар берди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Тошкентда Хитой Экспорт-импорт банки ваколатхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Тошкентда Хитой Эксим банкининг ваколатхонасининг очилиши стратегик шерикликни янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имконини бериши ва Ўзбекистон-Хитой иқтисодий ҳамкорлиги салоҳиятини тўлиқ очишга хизмат қилади”, — дейилади хабарда.
Тошкентдаги минтақавий офис банкнинг 8 та давлат, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Арманистон ва Грузиядаги фаолиятини юритади.
Қайд этилишича, Эксим банкнинг доимий ёрдами туфайли мамлакатда кимё саноати, энергетика, транспорт, ахборот технологиялари, қишлоқ ва сув хўжалиги каби муҳим тармоқларда умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган 50дан кўпроқ лойиҳа амалга оширилди.
Маълумот учун, Хитой Эксим банки (China Exim Bank / The Export-Import Bank of China) 1994 йилда ташкил этилган. Банкнинг Хитойда 32 та филиали ва Гонконгда ваколатхонаси бор. Бундан ташқари, банкнинг Парижда ваколатхоналари ва Жанубий, Шарқий, Шимолий ва Ғарбий Африка, Жанубий Америка ҳамда Россияда ваколатхоналари мавжуд.