TOШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Тошкентда "Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат" глобал кампанияси бошланди, дея хабар берди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.
“25 ноябрдан бошлаб Тошкентда "Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат" глобал кампанияси бошланди. Бу ташаббус Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш куни муносабати билан ўтказилади”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бу кампания аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун жамиятнинг барча қатламлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини эслатади.
“Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ушбу муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз логотипини олов рангга ўзгартирди. Олов ранги — умид, ёруғлик ва зўравонликсиз келажак рамзи”, — дея қўшимча қилинган агентлик хабарида.
Хабарда агентлик фуқароларни ушбу акцияни қўллаб-қувватлаш, муаммога эътибор қаратиш ва бирдамликни намойиш этишга чақирган.
БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳар куни 140 нафар аёл ва қиз ўз жуфти ёки яқин қариндоши томонидан ўлдирилмоқда, яъни ҳар 10 дақиқа ичида оиладаги зўравонлик оқибатида бир аёл вафот этади. 2023 йилда дунё бўйлаб 85 минг аёл ва қиз қасддан одам ўлдириш қурбони бўлди.
Маълумот учун, зўравонликдан жабрланган шахслар учун ёрдам: 102 қисқа рақамига ёки 1146 ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.