TOШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Қоҳира университети кутубхонасида ўзбек тили ва адабиёти бурчаги ташкил этилади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси раҳбарияти Қоҳира университетининг янги тайинланган ректори профессор Муҳаммад Сомий Абдулсодиқ билан учрашди.
Мулоқотда Қоҳира университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ўртасида яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда ўзбек тилини ўрганаётган мисрлик талабаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
“Миср томони Қоҳира университети кутубхонасида ўзбек тили ва адабиёти бурчагини ташкил этиш таклифини қўллаб қувватлади”, — дейилади хабарда.
Қуйидаги масалалар муҳокама этилди:
ўзбек ва араб тили ўқитувчилари ҳамда ўзаро талабалар алмашиш
Ўзбекистонда Қоҳира университети филиалини ташкил этиш
ҳамкорликда дарсликлар тайёрлаш.
Ректор Муҳаммад Сомий Абдулсодиқ Қоҳира университетида 2025 йил февраль ойида бўлиб ўтадиган Адабиёт ва маданият ярмаркасида иштирок этиш учун Ўзбекистон вакилларини таклиф этди.
Қоҳира университети 1908 йилда ташкил этилган. Бу Ал-Азҳар университетидан кейин Яқин Шарқдаги иккинчи йирик университетдир. Университетда 20 тага яқин факултет, бир қатор илмий марказлар ҳам мавжуд.