Тошкент шаҳридаги Фотосуратлар уйи яна бир ижодкорнинг бетакрор дунёсига эшик очди. Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг ҳақиқий аъзоси, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби ва "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби" унвони соҳиби Атахан Аллабергеновнинг "Рўё" номли шахсий кўргазмасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу кўргазма нафақат санъат ихлосмандлари, балки Ўзбекистоннинг табиий гўзалликларини қайта кашф этмоқчи бўлганлар учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга.
Кўргазма доирасида рассомнинг 100 тага яқин асари, жумладан, рангтасвир, акварель ва театр декорацияларининг ижодий намунаси намойиш этилди.
Атахан Аллабергенов умрининг катта қисмини Хоразм вилоятидаги Огаҳий номидаги мусиқали комедия театрида ижод қилишга бағишлаган. У ерда ишлаб, кўплаб саҳна асарларини безаш билан бирга театр жамоаси ҳурматига ва томошабинлар олқишига сазовор бўлган.
Рассомнинг асарларида Ўзбекистоннинг турли бурчаклари - қадимий ва сирли Хива, Урганч, серқуёш Сурхондарё ва Қашқадарё ҳамда Фарғона водийсининг табиий манзаралари акс этган. Унинг ранглар билан ишлаш маҳорати томошабинни ўзига ром этади. Ҳар бир асарда ранглар жонланади, табиат ёки тарихга муҳаббат илҳомлантирган алоҳида бир моҳият сезилади.
Атахан Аллабергенов нафақат рангтасвир оламида, балки театр саҳналарида ҳам буюк из қолдирган. Унинг саҳнавий декорациялари, рангтасвир асарлари жонли ва жозибали бўлиб, театр томошабинларининг қалбига чуқур таъсир кўрсатган.
Рассом ҳақида қисқача:
1947 йил - Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятида туғилган.
1965-1968 йиллар - Тошкент давлат педагогика институтида таҳсил олган.
1975-1999 йиллар - Хоразмдаги Огаҳий номидаги театрда бош рассом сифатида ишлаган.
1981 йил - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонига сазовор бўлган.
2000 йил - "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган.
2021 йил - вафот этган.
Атахан Аллабергеновнинг санъати - бу орзу, меҳнат ва бадиий изланишларнинг ўзига хос уйғунлиги. Унинг ижоди нафақат ўзига хос бўлиб қолаверади, балки келажак авлодлар учун ҳам илҳом манбаи бўлади.