ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Қирғизистонда 20-24 ноябрь кунлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида (МДҲ) Волонтёрлар ҳаракати йилига бағишланган Халқаро интеллектуал ёшлар форуми бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар ҳамкорлик давлатлараро жамғармаси маълум қилди.
Форумда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Ўзбекистондан 100 нафарга яқин иштирокчи қатнашмоқда.
"Форумда муҳокама этилган асосий масалалар МДҲ давлатларининг гуманитар, илмий-маданий ҳамкорликнинг турли йўналишларида ривожланишининг асосий ресурси сифатидаги ёшлар сиёсатининг истиқболлари ва вазифалари ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, форум фуқаролик жамиятининг асоси сифатида волонтёрлик феноменига эътибор қаратади", — дейилади хабарда.
Волонтёрлик иши – бу, биринчи навбатда, қўшма амалий фаолият – бу янада очиқ ва бағрикенг жамиятни яратиш мумкин бўлган муҳим воситадир. Ижтимоий фаол ёшларни шакллантириш Халқаро зиёлилар ёшлар форумининг асосий вазифаси ҳисобланади.
Форумда волонтёрликни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш масалалари давра суҳбати ва панел муҳокамаси шаклида муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Форум иштирокчилари, шунингдек, волонтёрлик лойиҳалари ва кўнгиллилар ҳаракатида иштирок этиш тажрибаси ҳақида кўргазма тайёрлашади. Кўргазма тақдимоти форум доирасида бўлиб ўтади. Қолаверса, маданий дастур доирасида иштирокчилар қирғиз халқининг маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишишади. Шунингдек, махсус сессия давомида иштирокчи мамлакатларнинг маданияти ҳам таништирилади.