ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Марказий ҳарбий округининг “Фориш” тоғ полигонида Ўзбекистон-Қозоғистон Қуролли кучлари бўлинмалари ҳамкорлигида ташкил этилган навбатдаги “Ханжар-2024” махсус-тактик ўқув машғулотлари якунланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, “Ханжар-2024” махсус-тактик ўқув машғулоти ўн кун давом этди.
“Асосий босқичига пухта тайёргарлик кўриш ва муваффақиятли ўтишини таъминлаш мақсадида босқичма-босқич биргаликдаги ҳаракатлар амалга оширилди. Асосий мақсад – душман жойлашган ҳудудга қўққисдан, ханжарнинг ўткир тиғидек яшин тезлигида ёриб киришдан иборат бўлди”, — дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлигининг масъул офицерлари, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, Қозоғистон ҳарбий делегацияси раҳбарияти кузатуви остида ўтган якуний босқич машғулот қатнашчилари олдидаги масъулиятни янада оширди.
Дастлаб шартли душман жойлашган биноларга миномётчилар, мерганлар, пулемётчилар гуруҳлари ва дронларнинг ҳужуми ташкиллаштирилган бўлса, унинг ортидан ишга тушган ишғол гуруҳи учта бинода тозалаш жараёнини шиддат билан амалга оширди.
Ҳаракатлар жанговар зирҳли техникалар ва хизмат итлари кўмагида амалга оширилиб, саноқли дақиқалар ичида кўзланган мақсадга эришилди.
“Ҳамкорликдаги мазкур тактик ўқув машғулотининг тантанали ёпилиш маросимида қардош давлатларнинг дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлаши борасидаги жиҳатларга алоҳида тўхталиб, “Ханжар-2024” махсус-тактик ўқув машғулотларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирликларининг махсус кўкрак нишонлари топширилди”, — дея қайд этилган хабарда.