Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазма залида Ўзбекистон халқ рассоми, Бадиий академия академиги ва Ўзбекистон рассомлар уюшмаси раиси Иброҳим Валихўжаевнинг "Янгича нигоҳ" деб номланган шахсий кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
"Янгича нигоҳ" кўргазмаси 3 метрдан 6 метргача бўлган катта форматларда бажарилган концептуал йўналишдаги 28 та янги асарни намойиш этмоқда. Кўргазманинг марказий асари "Фарғона cюитаси" номли 16 қисмдан иборат монументал полотно бўлиб, умумий узунлиги 22 метрдан ошади.
Ушбу янги асарларда рассом одамлар ва табиат манзараларининг анъанавий образларидан воз кечиб, абстракт шакллар, текстура ва рангларга эътибор қаратган. Унинг композициялари ҳис-туйғулар ва ғояларни ифодалайди, юмшоқ ва илиқ ранглар орқали тотувлик ва тинчлик муҳитини яратади.
Эртага, 22 ноябрь куни соат 16:00 да Марказий кўргазма залида рассом билан ижодий учрашув ўтказилади. Учрашув давомида ташриф буюрувчилар унинг асарлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш ва қизиқтирган саволларини бериш имконига эга бўлишади.
Кўргазма ўз ишини 7 декабрга қадар давом эттиради.
Рассом ҳақида
Иброҳим Валихўжаев 1958 йилда Наманганда туғилган. У ўзининг профессионал бадиий таълимини ўзбек замонавий санъатининг машҳур устаси Раҳим Аҳмедовдан олган.
Валихўжаевнинг ижоди Ўзбекистоннинг кундалик ҳаёти билан боғлиқ кенг мавзуларни қамраб олади. Унинг асарларида замондошлар образлари, миллий табиат манзаралари, анъаналар ва мамлакатнинг маданий мероси акс эттирилган. Шарқ бозори рассомнинг ижодидаги асосий мавзулардан бири бўлиб, у ёрқин манзаралар, натюрмортлар, портретлар ва жанровий саҳналар яратиш учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Рассом доимий равишда янги санъат ифода шаклларини излаш ва тажрибалар ўтказишга интилувчи ижодкор сифатида танилган. Унинг асарлари услубий хилма-хиллик ва чуқур ҳис-туйғулар билан ажралиб туради.
Ижодий фаолиятдан ташқари, Иброҳим Валихўжаев Ўзбекистон рассомлар уюшмаси раиси сифатида жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этади.