TOШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган G20 саммити доирасида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ўртасида учрашув бўлиб ўтди, дея хабар берди Россия ТИВ.
Айтилишича, вазирлар Москва ва Пекин ўртасида юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, келгусидаги алоқаларни режалаштириш масалаларини муҳокама қилишди.
“Томонлар жаҳон тизимида давом этаётган нотинчлик фонида Россия ва Хитой ўртасидаги сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорликнинг ривожланишини юқори баҳолашди. Юқори даражада, шу жумладан, Қозонда бўлиб ўтган БРИКС саммити чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда турли форматдаги кейинги алоқаларни режалаштиришга алоҳида эътибор қаратилди”, — дейилади вазирлик хабарида.
Лавровнинг сўзларига кўра, бошқа барча платформаларда, жумладан, Хитой раислик қилаётган ШҲТда, шунингдек, G20, Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги, БМТ ва унинг Хавфсизлик кенгашида ҳамжиҳатликда бирдек муваффақиятли ҳаракат қилишга шубҳа йўқ.
“Иккинчи жаҳон урушининг энг муҳим натижаларидан бири бўлган Жаҳон ташкилотининг яқинлашиб келаётган 80 йиллиги муносабати билан охиргиси алоҳида аҳамиятга эга. Биз Ғалабанинг 80 йиллигини унинг ғарбий ва шарқий жабҳаларида нишонлашга Иккинчи жаҳон уруши натижаларини қайта кўриб чиқишга уринишлар ва Европада неонацистлар ўчоқларининг пайдо бўлиши шароитида алоҳида аҳамият берамиз. Ушбу тадбир урушни ёдга олиш тадбирлари доирасидан анча узоқда. Биз юбилейдан сайёрамизда тинчликни ҳимоя қилиш ва давлатларнинг суверен тенглигини ҳурмат қилиш ва ўзаро манфаатдорлик асосида соғлом кучларни бирлаштириш учун фойдаланамиз”, — деди вазир.
Хитой Ташқи ишлар вазири Ван Ининг маълум қилишича, Россия ва Хитойнинг турли соҳалардаги ҳамкорлиги жорий йилда хавф ва қийинчиликларни енгиб, янги натижаларга эришди.
“Бу йил Хитой ва Россия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 75 йил тўлди, шунингдек, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ва турли соҳалардаги ҳамкорлик хавф ва қийинчиликларни енгиб, янги натижаларга эришган йилдир”, — дея Хитой ТИВ Ван Ининг сўзларидан иқтибос келтирди.
Шунингдек, у Россия томонини БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарларининг 16-саммити муваффақиятли ўтгани билан яна бир бор табриклашини таъкидлади, бу “катта БРИКС” ҳамкорлигида янги саҳифа очди. Унинг қайд этишича, Хитой ва Россия глобал жанубнинг таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилишлари ва кўп қутбли дунёда катта рол ўйнашлари керак.
Вазирлар G20 саммити доирасида Украина инқирози юзасидан ҳам фикр алмашди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Томонлар Украина инқирози ва Корея ярим оролидаги вазият каби масалалар юзасидан фикр алмашишди”, — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, тафсилотлар келтирилмаган. Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Ван И ва Лавров Рио-де-Жанейрода душанба куни учрашган.