Транспорт-логистика: Покистон Ўзбекистон орқали қўшни минтақалардаги бозорларга чиқмоқчи

Покистон компанияси Ўзбекистонда янги логистика марказини ташкил этиш этиш устида иш олиб бормоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Покистоннинг транспорт-логистика компанияси Ўзбекистондаги ҳамкорлари орқали Марказий Осиё ва қўшни минтақалардаги янги бозорларга чиқмоқчи, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Алишер Тухтаев Покистоннинг Равалпинди шаҳрида "National Logistics Corporation" (NLC) транспорт-логистика компанияси раҳбари Фаррух Шаҳзад Рао билан учрашди.
Қайд этилишича, ҳозирда компания Тошкентдаги офисини янада ободонлаштириш, Термиздаги "Халқаро Карго маркази" ҳудудидаги омборни кенгайтириш ва янги логистика марказини ташкил этиш устида иш олиб бормоқда.
"Ўзбекистон Покистон учун қулай логистик хаб ҳисобланади. Стратегик ҳамкоримизнинг транспорт-транзит имкониятларидан фойдаланган ҳолда МДҲ ва Европа мамлакатларига чиқиш, юк ташувлари географиямизни кенгайтириш бугунги кунда компаниямиз олдида турган асосий мақсад ҳисобланади", — деди Фаррух Шаҳзад Рао.
Айтилишича, учрашув якунида компаниянинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари орқали Марказий Осиё ва қўшни минтақаларга транспорт-логистика операцияларини кенгайтириш ҳамда янги бозорларга чиқиш бўйича келишиб олинди.
Мулоқотда муҳокама этилган масалалар:
иқтисодий муносабатлар даражасини юксалтириш;
савдо ҳажмини ошириш;
товарлар номенклатурасини кенгайтириш;
логистика, божхона текширувлари ва товарларни ўз вақтида етказиб бериш механизмларини такомиллаштириш.