ТОШКЕНТ, 16 ноя — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ва Бразилия ўртасида икки томонлама меморандум тузиш имконияти кўриб чиқилади, дея хабар берди ЕИК матбуот хизмати.
Комиссиянинг божхона ҳамкорлиги вазири Руслан Давидов Бразилия Молия вазирлиги Федерал даромадлар махсус котибияти Божхона бошқармаси бошлиғи Клаудия Томаз билан музокаралар ўтказди.
Томонлар 2018 йилда тузилган ЕИК ва МЕРКОСУР ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида ҳам, икки томонлама муносабатлар доирасида ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдиришди.
“Жорий йилнинг январь-август ойларида ЕОИИ ва МЕРКОСУР ўртасидаги товар айирбошлаш 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 16,7 фоизга ошди. Умумий савдо айланмасининг 87,9 фоизи Бразилия ҳиссасига тўғри келди. Товар айирбошлаш ҳажми 2024 йилнинг 8 ойи давомида 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 15,9 фоизга ошди. ЕОИИнинг Бразилияга экспорти 32,1 фоизга юқорилади”, — деди ЕИК вазири.
Руслан Давидов ЕИК ва Бразилия ўртасида икки томонлама меморандум тузиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди.
“Бизни алоҳида қизиқтирган ҳамкорлик йўналишлари қаторида МЕРКОСУРга аъзо мамлакатлар божхона хизматлари ўртасида ахборот алмашинувини ташкил этиш, шунингдек, божхона инфратузилмасини рақамлаштириш бўйича тажрибани ўрганиш ҳам бор” , — деди у.
ЕИК вазирининг айтишича, Комиссия Бразилия томонига ЕОИИда амалга оширилган шунга ўхшаш ишлар бўйича материалларни тақдим этишга тайёр.
МЕРКОСУР — Жанубий Америка давлатларининг савдо уюшмаси, 1991 йилда ташкил топган. Бугунги кунда унинг таркибига Аргентина, Бразилия, Венесуэла, Парагвай ва Уругвай киради. Уюшманинг умумий аҳолиси 300 миллион кишидан кўп ва умумий ЯИМ 3 триллион доллардан ошади (Бразилия умумий ЯИМнинг қарийб 70 фоизини ташкил қилади).