Озарбайжон Ўзбекистоннинг “Меҳрли мактаб” тажрибасини ўрганади

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Озарбайжон фан ва таълим вазири Эмин Амруллаев билан учрашди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича лойиҳаларни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда Озарбайжон фан ва таълим вазири Эмин Амруллаев ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳамда Озарбайжон фан ва таълим вазири Эмин Амруллаев ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни мустаҳкамловчи “йўл харитаси” имзоланди.
Муҳокама этилган масалалар:
ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича тренинглар ва қўшма лойиҳалар ташкил этиш;
таълим дастурлари ва ўқув материалларини ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашиш;
халқаро STEAM фестивали доирасидаги ҳамкорликни давом эттириш ва Ўзбекистонда STEAM марказини ташкил этиш;
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Озарбайжон давлат педагогика университетида педагогик кадрлар алмашинуви бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш;
Ўзбекистон Республикасининг госпитал таълими бўйича, хусусан “Меҳрли мактаб” тажрибасини ўрганиш;
билимларни баҳолаш тизимлари ва рақамли таълим платформалари ҳақида маълумот алмашиш.
Айтилишича, шу йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Озарбайжон таълим вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги баённома ҳам имзоланган.
Маълумот учун, “Меҳрли мактаб”- Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ташкил этилган таълим муассасаси бўлиб, унда Марказга даволаниш мақсадида келган болалар учун боғча ва мактаб фаолияти йўлга қўйилган.
“Меҳрли мактаб” Россиянинг “УчимЗнаем” мактаби ўртаси ҳам ҳамкорлик келишувини имзолаган.