Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕИК: Евроосиё туристик йўналишлар харитаси ишлаб чиқилди

ЕОИИда қўшма Евроосиё туристик йўналишлари хариталари ишлаб чиқилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари таклифи асосида тузилган туристик маршрутлар харитаси 419 та туристик объектни ўз ичига олади, дея хабар берди Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати.
ЕИК ҳайъати Иттифоқ мамлакатларига туризм соҳасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва туристик хизматлар бозорини ривожлантириш учун Евроосиё қўшма туристик йўналишлари хариталарини ҳисобга олишни тавсия қилди.
Хариталар иштирокчи давлатларнинг таклифлари асосида тузилган бўлиб, унда Евроосиёнинг 419 та туристик объект, 38 та йўналишлар ва ташиш усуллари ҳақида маълумотлар мавжуд.
ЕИК бизнесни ривожлантириш департаменти директори Ернар Бакеновнинг сўзларига кўра, маршрут хариталари сайёҳларга ЕОИИ мамлакатларига саёҳатларини осон ва қулай режалаштириш имконини беради, шунингдек, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва туристлар оқимини кўпайтиришга ёрдам беради.
“ЕОИИда туризмни ривожлантириш катта салоҳиятга эга. Иштирокчи мамлакатлар бой маданий-тарихий меросга, ноёб табиий обидаларга эга. Бизнинг тавсиямиз ЕОИИ мамлакатларида туризмни ривожлантириш, саёҳат қилиш учун янги имкониятлар яратиш ва туризм хизматлари бозорларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш имконини беради”, — деди директор.
ЕИК ҳайъати тавсиясида хариталар туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва туристик хизматлар бозорини ривожлантириш бўйича иш олиб боришда ҳисобга олиниши назарда тутилган. Бундан ташқари, мамлакатлар хариталарни кейинчалик янгилаш бўйича таклифлар киритишлари мумкин бўлади.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
ЕОИИ мамлакатларида чорвачиликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди