ТOШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Ўзбекистон биринчи хоними, "Zamin" халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Бокуда COP29 иштирокчиларини ёшларнинг иқлимга оид ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлашга чақирди, дея хабар берди ЎзА.
Саммит доирасида "Ёшларнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлардаги етакчилиги " мавзусида форум бўлиб ўтди.
Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия биринчи хонимлари
© Международный общественный фонд Zamin
Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева, Озарбайжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Туркия биринчи хоними Эмине Эрдоған, Қирғизистон биринчи хоними Ойгул Жапарова иштирок этди. Шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Венгрия, БМТ тузилмалари ва халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари, мазкур мамлакатларнинг ёш экофаоллари қатнашди.
Ойгул Жапарова
© Международный общественный фонд Zamin
Учрашув аввалида меҳмонлар экофаоллар томонидан ишлаб чиқилган "Indivisible" ("Бўлинмас") бадиий инсталляцияси билан танишди. Панно қуроқ техникасида ишланган бўлиб, ундаги ҳар бир мато парчаси мамлакатлар учун ноёб бўлган ва йўқолиб бораётган ўсимликни англатади. Табиий меросни асраб-авайлашга даъват этувчи ушбу лойиҳа табиат ва инсоният бўлинмаслигини ёдга солади.
Эмине Эрдоған
© Международный общественный фонд Zamin
Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларидан ёш авлод – гўдаклар, болалар ва ўсмирлар ҳаётига катта таъсир кўрсатаётгани, уларнинг миллионлаб тенгдошлари табиий офатлардан, қурғоқчиликдан, сув ва озиқ-овқат танқислигидан ҳар куни азият чекаётгани қайд этилди.
“Бу ҳодисаларга қарши курашни ёш авлодсиз, унинг онгли ва фаол иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу нуфузли минбардан туриб, бугун Марказий Осиё ва Туркий халқлар ёшлари ҳам мана шу глобал ҳаракатнинг ажралмас қисми сифатида шаклланаётганини қайд этиш менга катта фахр бағишлайди, — деди Зироат Мирзиёева.
Зироат Мирзиёева сўзининг якунида йигит-қизларга мурожаат қилди.
"Бугун сиз иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатнинг олдинги сафидасиз. Сизнинг қатъий шижоатингиз, янги ғоялар ва ташаббусларингиз ҳаммамизни умумий мақсад сари янада бирлаштиради. Шуни билингки, сизнинг фаоллигингиз, саъй-ҳаракатларингиз ҳаётимизни, Ер сайёраси аталмиш умумий маконимизни албатта ўзгартиради", — деди Мирзиёева.
Тадбир давомида Ўзбекистон, Венгрия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон экофаоллари ҳукуматларни ёш авлоднинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараёнларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга чақирувчи баёнот билан чиқишди.
"Биз ёш авлод билан тизимли ва мунтазам “иқлим мулоқоти”ни ўрнатиш, экологик стартапларни қўллаб-қувватлаш орқали ёшларимизнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш имкониятларини кенгайтириш тарафдоримиз", — дея қайд этди Мирзиёева.
Асосий таклифлар:
Халқаро маслаҳат қўмитасини тузиш;
билим алмашиш, минтақавий ва миллий иқлимга оид лойиҳаларни мувофиқлаштириш учун майдон бўлиб хизмат қиладиган рақамли платформа яратиш;
барқарор ривожланишни илгари суриш ва ёшлар ўртасида экологик саводхонликни оширишга қаратилган "Young Climate Champions" халқаро экофаоллар ҳамжамиятини ташкил этиш.
"Трансчегаравий экотизимлар" лойиҳаси трансчегаравий табиат объектлари - қўриқхоналар, дарёлар ва ҳайвонларнинг миграция йўналишларини асраш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.
Меҳрибон Алиева
© Международный общественный фонд Zamin
Экофаоллар визуал контент, шу жумладан VR-видеолавҳалардан иборат интерфаол ўқув харитасини намойиш этишди. Ушбу ташаббусларнинг барчаси реал ҳаётга кўчмоқда, уларни барқарор амалга ошириш учун давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёш экофаоллар, тадбиркорлар, олимлар ва экспертлардан иборат Экологик кун тартиби бўйича маслаҳат қўмитаси ташкил этилди.
Қўмита қарорларини қўллаб-қувватлаш учун Марказий Осиё мамлакатлари, Озарбайжон, Венгрия ва Туркиянинг ёшлар ишлари, экология ва таълим вазирларидан иборат нуфузли Васийлик кенгаши тузилди.
Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон биринчи хонимлари
© Международный общественный фонд Zamin
Маслаҳат қўмитаси бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган янги Бутунжаҳон ёшлар офисида фаолият юритади. Мазкур офис ҳузурида глобал миқёсда ёшлар ташаббуслари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам иш олиб боради.
Форумда Ўзбекистон, Озарбайжон, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркия томонидан 2024-2030 йилларда Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда болалар ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича халқаро стратегия имзоланди.
Ёш экофаолларнинг тавсияларига асосланган ушбу ҳужжат иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалаларида давлат органлари, таълим муассасалари, жамоат ва илмий ташкилотлар, болалар ва ёшлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик учун глобал замин яратишга қаратилган.