ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Венгриядан Ўзбекистонга сайёҳларни жалб этиш бўйича янги дастур ишлаб чиқилади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги "Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси" давлат унитар корхонаси вакиллари ва Венгриянинг "1000 йўл" компанияси директори Олег Ермилов ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ва Венгриядан сайёҳларни жалб этишга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди.
“Венгрия томони ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдириб, ўзбек маданий мероси, тарихий обидалари ва миллий қадриятлари европалик сайёҳлар учун жозибадорлигини қайд этди. Олег Ермилов Ўзбекистонни дам олиш ва маданий туризмнинг ўзига хос йўналиши сифатида оммалаштириш йўлида биргаликда иш олиб бориш ниятини билдирди”, — дейилади хабарда.
Венгриядан сайёҳларни жалб қилиш мақсадида "Дипломатик сервис хизмати бюроси" ДУК томонидан ташкил этилган бир ҳафталик гастрономик туризм дастурларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда қўшма туристик йўналиш яратиш ва ишга тушириш бўйича келишувларга эришилди.
Венгриядаги етакчи туроператорлардан бири бўлган "1000 йўл" сайёҳлик компанияси Марказий ва Шарқий Европанинг диққатга сазовор жойларига экскурсиялар ташкил этишга ихтисослашган, шунингдек, Ўзбекистонга саёҳатлар жалб қилади.