ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда 11–16 ноябрь кунлари “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади, дея хабар берди Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати.
“16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб, жорий йилнинг 11–16-ноябр кунлари республиканинг барча ҳудудида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади”, — дейилади хабарда.
Ҳафталик доирасида Республика умумтаълим мактабларида “Бағрикенглик менинг наздимда” мавзусида энг яхши иншолар танловлари, “Менинг бағрикенг дунёим” мавзусида энг яхши расмлар танловлари, бағрикенгликни тарғиб қилувчи шеърхонлик кечалари бўлиб ўтади.
Шунингдек, Республика олий таълим муассасаларида “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз”, “Диний маърифат ва миллатлараро бағрикенглик – жамият барқарорлиги шарти” мавзуларида илмий-амалий ва маърифий тадбирлар, “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – умрбоқий қадриятлар” мавзусида давра суҳбатлари ташкил этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудлардаги хиёбон ва сайилгоҳларда “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли маданий тадбирлар, ижодкор зиёлилар, қардош халқларнинг ёзувчи ва шоирлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида адабий- бадиий асарлар кўргазмаси ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Тошкент Фотосуратлар уйида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли кўргазма, “Янги Ўзбекистон китоб ва китобхонликдан бошланади” номли бадиий асарлар кўргазмаси, шеърхонлик кечалари бўлиб ўтади.
Ҳафталик ташкилотчилари: Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда 130 тадан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари яшаб келмоқда.