ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Шу йилнинг 10 ноябридан Евроосиё иқтисодий комиссияси кенгаши (ЕИК) томонидан илгари қабул қилинган Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларни маркировкалаш техник регламентига киритилган ўзгартиришлар кучга киради. Бу ҳақда комиссия матбуот хизмати хабар берди.
Ўзгартиришлар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг жойлашган жойи маълумотлари ўзгарган тақдирда ёрлиғини алмаштирмасдан ЕОИИ бозорига чиқариш имконини беради.
“Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида”ги техник регламентнинг 39-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, шаҳар, туман, кўча ва бошқалар номи ўзгартирилган кундан бошлаб уч йил муддатда жойлашган манзилнинг маълумотлари сифатида кўрсатилади.
“Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи маҳсулотларни ёрлиқлашда унинг жойлашган жойининг олдинги номлари кўрсатилган ҳолда, ҳақиқий географик жойлашуви ва ҳақиқий ишлаб чиқариш жойи ўзгармаган ҳолда муомалага чиқарилишига рухсат этилади”, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, “Озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалаш бўйича” техник регламентининг 4-моддасида истеъмолчига маҳсулотни ишлаб чиқарувчининг жойлашган жойи тўғрисидаги ишончли ва долзарб маълумотларни етказишнинг мумкин бўлган усуллари кўзда тутилган.
ЕИКнинг техник жиҳатдан тартибга солиш вазири Валентин Татарицкийнинг сўзларига кўра, Кенгаш томонидан қабул қилинган ўзгаришлар ЕОИИ мамлакатларида бизнес юритиш шартларига ижобий таъсир кўрсатади.
Озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалашни алмаштириш зарурати билан боғлиқ кераксиз молиявий юкни енгиллаштиришга ёрдам беради.