ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда энди чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги мактабларда мусиқа, жисмоний тарбия ва ҳарбий ватанпарварлик фанлари сифатини ошириш бўйича тақдимотда маълум қилинди.
Қайд этилишича, бугун замоннинг ўзи ҳар бир фуқародан ватанпарвар бўлишни тақозо этмоқда. Бунда, айниқса, ҳарбий хизматчилар, чақириққача бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ўрнак бўлишлари керак.
Ҳозир мактабларда қарийб 10 минг нафар ана шундай педагоглар фаолият кўрсатмоқда. Лекин уларнинг 27 фоизи номутахассис. 2 минг 750 та мактабда ушбу фан учун шароит етарли эмас.
“Шу боис энди чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади. Энди бу вазифага Қуролли Кучлар захирасидаги ҳарбийлар ишга қабул қилинади”, — дейилади хабарда.
Мазкур фан бўйича янги ўқув дастури ва дарсликлар яратилади. Ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан мактаб негизида “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилади.
Мутасаддилар шу борадаги ишларни ташкил этиш режалари юзасидан ахборот берди. Олий ўқув юртларида мазкур йўналишлар бўйича педагоглар тайёрлашни тубдан ўзгартириш, малака талаблари ва таълим сифатини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Маълум қилинишича, республикадаги мактабларда 22 та олимпия, 19 та ноолимпия, 4 та миллий спорт турлари ўргатилади. Лекин жисмоний тарбия ўқитувчилари учун услубий қўлланмалар йўқ. Ўқувчиларни селекция қилиш тизимли эмас.
“Шунинг учун жисмоний тарбия фани бўйича ўқув қўлланмалар ишлаб чиқилиб, ўқув дастурлари такомиллаштирилади. Ушбу фан ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизими йўлга қўйилади. Келгуси ўқув йилидан бошлаб, босқичма-босқич ҳамма жойда мактаб спорт клублари ташкил этилади. Бу йўналишда ҳам ўқитувчиларга тоифа беришнинг янги тартиби, мактабларнинг спорт бўйича рейтинг тизими ишлаб чиқилади”, — дейилган хабарда.
Айтилишича, мусиқа маданияти фани ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳорати баҳоланиб, малака ошириш тизими йўлга қўйилади. Бу йўналиш бўйича ўқув қўлланмалари, ўқитувчиларга тоифа беришнинг янги тартиби ишлаб чиқилади.
“Турон мактаб театри”нинг ижобий тажрибаси асосида мактабларда “Иқтидор” ҳаваскорлар бадиий жамоалари ташкил этилади. Олий таълим муассасаларининг мусиқа ва санъат йўналиши битирувчиларига мактабларда ишлашга рухсат берилади.
Ҳудудлардаги мусиқа ва санъат мактабларини умумтаълим мактабларига таянч мактаб сифатида бириктириш, иқтидорли ўқувчиларни кашф этиш мақсадида мунтазам кўрик-танловлар ўтказиш зарурлиги қайд этилди.