ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга Америка Қўшма Штатлари президенти сайловида ғалаба қозониб, ушбу лавозимга сайлангани муносабати билан табрик йўллади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
“Сизни Америка Қўшма Штатлари Президенти лавозимига сайланганингиз муносабати билан чин дилдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг қизғин табрикларимни ва энг эзгу тилакларимни йўллашдан беҳад мамнунман. Сайловлардаги ишончли ғалабангиз Сиздек бой тажрибали ва моҳир сиёсатчининг АҚШни халқаро майдондаги нуфузи ва иқтисодий қудратини ошириш, глобал тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қаратилган дастур ва режаларингиз Америка халқи томонидан фаол қўллаб-қувватланганини яна бир бор яққол тасдиқлади”, — дейилади табрик матнида.
Қайд этилишича, Ўзбекистон АҚШнинг мамлакат мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгармас позициясини, ортга қайтмас тус олган туб ислоҳотларга кўрсатиб келаётган доимий кўмагини алоҳида қадрлайди.
“Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, айнан Сизнинг илк президентлик даврингизда, 2018 йил май ойида Оқ уйда ўтказган сермаҳсул музокараларимиздан кейин Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври бошланган эди. Сизнинг шахсий эътиборингиз билан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, ўзаро ишонч, ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланган сиёсий мулоқотларимиз янада мустаҳкамланди, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, ҳарбий-техникавий ва гуманитар алоқалар жадаллашди”, — дея қайд этди президент.
Табрик матнида “Биз бундан кейин ҳам Сизнинг бошчилигингиздаги АҚШ Администрацияси билан дўстона алоқаларни изчил давом эттиришга, олий ва юқори даражада эришилган барча келишувларни тўлиқ амалга оширишдан манфаатдормиз”, дейилган.
Шунингдек, Ўзбекистон “С5+1” платформаси ва “Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли Битими” доирасида минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори.
“Аминманки, биргаликдаги қатъий саъй-ҳаракатларимиз билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, банк-молия, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш, инновация, таълим ва бошқа соҳалардаги шериклигимиз қўшма лойиҳалар билан самарали бойиб бораверади. Ишончим комилки, келгусида Афғонистонда барқарор тинчликни таъминлаш ва унинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшиш ўзаро ҳамкорлигимизнинг ажралмас қисмига айланади”, — деди Мирзиёев.
Шунингдек, Мирзиёев ўз табригида Трампни Ўзбекистонга расмий ташриф билан кутиб қолишини таъкидлаган.