TOШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik. Ўзбекистон, Қозоғистон, Гватемала ва Лаос World Boxing аъзоси бўлди, дея хабар берди ташкилот матбуот хизмати.
“World Boxing Ўзбекистон, Қозоғистон, Гватемала ва Лаос миллий бокс федерацияларининг аъзолик учун аризаларини маъқуллади”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бу хабар ўтган ҳафта бокс бўйича 19 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати муваффақиятли якунланганидан сўнг иккинчи йиллик бокс конвенцияси якунида эълон қилинди.
“Бокс бўйича дунёнинг икки етакчи давлати бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг аъзо бўлиши жаҳон боксининг катта ютуғи бўлиб, янги Халқаро федерациянинг Осиёдаги иштирокини сезиларли даражада кенгайтирди, ҳозирда у 13 нафар аъзодан иборат”, — дейилган хабарда.
Хабарда, шунингдек, Ўзбекистон сўнгги икки Олимпиада ўйинларида бокс бўйича етакчи давлатлардан бири бўлиб, бешта олтин медаль билан Париждаги медаллар жадвалида пешқадамлик қилгани эслатиб ўтилган.
World Boxing 2023 йил апрел ойида ишга туширилган.