TOШКЕНТ, 4 ноя — Sputnik. Тошкентда 7 ноябрдан бошлаб иссиқлик энергияси билан босқичма-босқич таъминлаш ишлари бошланади, дея хабар берди пойтахт ҳокимлиги.
Қайд этилишича, фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари ва метеорология хизмати маълумотларига мувофиқ Тошкент шаҳар ҳокимининг иситиш мавсумини бошлашга оид қарори қабул қилинган.
“Марказлашган иссиқлик таъминотидан фойдаланувчи истеъмолчиларни иссиқлик билан таъминлаш мақсадида, 5 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб иссиқлик манбаларидан иссиқлик муҳитининг айланма ҳаракати йўлга қўйилади. Мувофиқ равишда, 7 ноябрдан бошлаб иссиқлик энергияси билан босқичма-босқич таъминлаш ишлари бошланади”, — дейилади хабарда.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, эртадан республиканинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво ҳарорати аста–секин пасайиши бошланади. Ҳаво ҳарорати 5 ноябрда кундузи +13-18 даража, 6 ноябрда +10-15 илиқ атрофида бўлади, 7-8 ноябрда эса ҳарорат +5-10 илиқгача пасаяди. Кечалари совуқ бўлади.