Тошкентда Ўзбекистон-Покистон Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг йиғилиши ўтказилади

Тадбир якунида ҳужжатлар пакети имзоланиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Тошкентда 3-4 ноябрь кунлари Ўзбекистон-Покистон Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 9-йиғилиши бўлиб ўтади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Мазкур йиғилишда иштирок этиш учун қўшма комиссияси ҳамраиси – Покистон савдо вазири Жам Камал Хан бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюради.
Делегацияга озиқ-оқват, тўқимачилик, фармацевтика, автомобилсозлик, электротехника ва кимё саноати, транспорт-логистика соҳасида фаолият юритувчи 30дан ортиқ Покистон бизнес-доира вакиллари ҳамроҳлик қилишади. Ўзбекистон делегациясига қўшма комиссияси ҳамраиси – инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бошчилик қилади.
Тадбир якунида ҳужжатлар пакети имзоланиши кутилмоқда.
Шунингдек, делегациялар раҳбарлари "Ўзбекистон-Покистон" бизнес форумида ҳам нутқ сўзлашади, G2B форматидаги учрашувда иштирок этишади. Ташриф дастуридан Покистон савдо вазирининг Ўзбекистон вазирлик ва идора раҳбарлари билан бир қатор алоҳида учрашувлари ҳам ўрин олган.