ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ишбилармонлари келаси йил Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрига боради, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Хитойнинг "Canton Enterprises Chamber of Commerce" ташкилоти раҳбарияти билан учрашди.
Айтилишича, томонлар ўзаро бизнес миссияларни ташкил этиш орқали ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, аниқ қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашди.
“2025 йил 10-12 январь кунлари Гуанчжоу шаҳрининг тарихий кўчаларидан бири – "Бейжин Лу"да Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ишбилармон доиралари вакилларини таклиф қилган ҳолда Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси, туризм ва бизнес салоҳияти намойишига бағишланган тақдимот ҳамда B2B форматидаги музокараларни ўтказиш тўғрисида келишиб олинди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, икки мамлакат корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини кенгайтириш мақсадида Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти ишбилармон доиралари ҳамда мазкур уюшмага аъзо корхона вакиллари ўртасида онлайн бизнес-форум ҳам ўтказилади.