ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Сина қишлоғи ва Бойсундаги Омонхона қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Тадбир иштирокчилари тоғлар қўйнидаги Сина, Ушор, Сунбула каби қишлоқлар аҳолисининг ҳаёти билан танишди.
"Сирли балиқ кўли, мафтункор “Сунбулаи зор” табиат мўъжизаси, Қиз қўрғон археологик ёдгорлиги, Хўжаи Ҳисор зиёратгоҳи каби сайёҳлик масканлари, оилавий меҳмон уйлари, ҳудуднинг миллий ҳунармандчилиги ҳақида маълумотларга эга бўлди", — дейилади хабарда.
Хорижий ва маҳаллий сайёҳларга нон, патир ва сомсанинг 20 дан зиёд тури ҳамда тандир кабоб, гўжали ош ва бошқа таомларни тайёрлаш сирлари намойиш этилди. Шунингдек, миллий ўйинлар, спорт мусобақалари ҳам ўтказилди.
Шунингдек, Бойсундаги Омонхона қишлоғига ҳам “Туризм қишлоғи” мақоми берилди.
Маълумот учун, бундай мақомга эга бўлган ҳудудда равон йўллар барпо этилиб, ободонлаштирилади. Электр энергияси, газ, сув таъминоти, оқава сув тизими яхшиланади. Мобиль алоқа ва интернет тармоғи сифатини ошириш учун базавий станциялар ўрнатилади. Қишлоқ одамлари учун янги иш ўринлари ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратилади.