Муқобили йўқ: Ўзбекистонда электр энергиясини сақловчи омбор қурилмоқда

Ускуналар асосан Хитой, Россия ва айрим қисмлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Фарғона вилоятида электр қувватлари омбори (электр энергиясини сақлаш тизими) қурилмоқда. Унинг қуввати 150 МВт га тенг, дея хабар берди ЎзА.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳалигача муқобили бўлмаган иншоотни Хитойнинг “China Gezhouba Group Overseas Investmen Co.ltd” компанияси 144 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш ҳисобига қурмоқда.

“Ускуналарни асосан Хитой, Россия ва айрим қисмларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олганмиз. Биз ноябрь ойининг охирида электр энергияни улаш, декабрь ойида синовдан ўтказиш ва янги йилнинг биринчи кунидан тўлиқ ишга туширишни режалаштирганмиз. Шунда зарур пайтда 600 минг аҳоли эҳтиёжини қондириш имконига эга бўлинади”, — деди “Energy China Overseas investmen” компаниясининг бош менежери Ние Цзяньмин

Хитойнинг мазкур компанияси дунёнинг 30 тадан зиёд мамлакатида фаолият юритиб келмоқда.

“Ўзбекистонда 13 тадан ортиқ лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Улардан иккитаси муваффақиятли тугатилди. Улар Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги қуввати 500 МВт қуёш электр станцияларидир. Бу учинчи лойиҳа бўлиб, қурилиш жараёни давом этяпти. Декабрь ойида тармоққа улаш учун барча ишлар қилинмоқда”, — дея маълум қилди “Energy China Overseas investmen” компанияси техник масалалар бўйича директор ўринбосари Азиз Ширинбоев.

Қайд этилишича, Хитойдан келтирилган ҳар бирининг қуввати 2 МВт бўлган жами 90 та улкан аккумулятор батареялари бир-бирига уланмоқда.
Улар ишга туширилгандан сўнг, қувватланган аккумулятор батареялари электр тармоғига уланади ва таъминотда ҳеч қандай узилиш рўй бермайди. Истеъмолдан ортиб қолган электр қуввати ”омбор”га йиғилади ва ундан яна қайта олинади.