Юқумли касалликларга чалинган беморлар мониторингининг электрон тизими ишга туширилди

Электрон мониторинг юқумли ва ўта хавфли юқумли касалликларни ўз вақтида бартараф этиш ва тарқалиб кетишини олдини олишга ёрдам беради.
Sputnik
TOШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Санитария-эпидемиология соҳасидаги бир нечта йўналишларда электрон рақамлаштириш тизими ташкил этилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди.
Қайд этилишича, эндиликда юқумли касалликларга чалинган беморлар мониторинги электрон тизимга ўтказилди. YKEM - Юқумли касалликлар электрон мониторинги – бу аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида юқумли касалликларнинг эпидемиологик назоратини рақамлаштириш орқали такомиллаштириш.
Анъанавий ахборот алмашиниш тизими орқали маълумотларни йиғилиши, қайта ишланиши ва жавоб чораларининг жойларга кўрсатма орқали етказилиши 12 соатдан 48 соатгача вақтни эгаллайди.

“Юқумли касалликка чалинган бир нафар бемор бу вақт ичида камида 2-3 нафар соғлом одам билан мулоқот қилади, натижада ушбу соғлом шахсларни касалликни яширин даври муддати давомида тиббий назоратга олиш ва карантин чораларини белгилашга зарурат туғилади. Юқумли касалликлар электрон мониторинги ахборотни тезкор ва сифатли ахборотлар етказилиши таъминланади бу эса юқумли ва ўта хавфли юқумли касалликларни ўз вақтида бартараф этиш ва тарқалиб кетишини олдини олишга хизмат қилади”, — деди Саидова.

Шунингдек, Санэпидқўмитанинг “Электрон вакцина логистикасини бошқариш тизими” ишга туширилди. Бу вакциналарни вилоятларга юбориш, вилоятлардан туманларга, туманлардан эса даволаш-профилактика муассасаларига вакциналарни сифатли ва совуқлик занжирига риоя қилган ҳолда етказилишини кузатишга имкон беради.
Шу билан бирга, RISK (тадбиркорлик субъеткларининг хавфсизлик даражасини баҳолаш) тизими ишга туширилди. У хавфни таҳлил қилиш механизмини жорий қилиш учун назорат остидаги объектларнинг ягона электрон базаси ҳисобланади.
Тизим истеъмолчиларга кўрсатиладиган хизмат ва истеъмол қилинадиган маҳсулотлар турларини гигиеник жиҳатидан хавфсиз ёки хавфлилиги (маҳсулотнинг истеъмолга яроқсизлиги) тўғрисида маълумотга эга бўлиш имконини беради.
Яна бир ишга туширилган дастур LIS – Лаборатория ахборот тизими бўлиб, у тиббиёт муассасалари лаборатория диагностикаси бўлимларининг беморни тестларга юбориш, биоматериалларни танлаб олиш ва тайёрлаш, турли хил тадқиқотлар ўтказиш, шу жумладан, анализаторлардан фойдаланиш каби асосий иш жараёнларини автоматлаштириш ва электрон шаклга ўтказиш имконини беради.