ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Ўзбекистонда келаси йил учун давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўм, харажатлари эса 344,6 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда. Бу ҳақда 2025 йил учун эълон қилинган Бюджетномада маълум қилинди.
Қайд этилишича, 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоиз ўсиши прогноз қилинган.
“Ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 6,1 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,1 фоизга, бозор хизматлари 14,5 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда”, — дейилади ҳужжатда.
2025 йил учун давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўм, харажатлари эса 344,6 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.
Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 66,5 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса 117,2 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Бунда, давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 54,4 трлн сўм трансфертлар ажратиш белгиланган. Хусусан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 58,9 трлн сўм, харажатлари 74,9 трлн сўмни ташкил этган ҳолда давлат бюджетидан 18,5 трлн сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, 2025 йилда Ўзбекистон номидан ва давлат кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,5 млрд доллар бўлиши режалаштирилмоқда. Ушбу маблағдан 3 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун, 2,5 млрд доллар эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтирилади.
"2025 йил учун Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажмини 30 трлн сўм миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда", — дейилади ҳужжатда.
Қолаверса, бюджетномада Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкор мамлакатларидаги иқтисодий тенденциялар ва кутилмалар ҳам жой олган.
“Россия иқтисодиётида санкциялар ва геосиёсий шарт-шароитларга қарамай биринчи ярим йилликда кутилганидан кўра юқори иқтисодий фаоллик кузатилди. Биринчи ярим йилликдаги натижалари ва ички талабнинг ўсишини инобатга олган ҳолда 2024 йилда Россия ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 3,9 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда”, — дейилган хабарда.
Хитойда саноат ишлаб чиқариши ва экспорт ҳажмларининг тикланиши билан бир қаторда импорт ўсишининг секинлашуви, ички талаб заифлигига ишора бермоқда. Ички талабни қўллаб-қувватлаш мақсадида Хитой марказий банки июль ойида фоиз ставкаларини пасайтириши орқали пул-кредит сиёсатини юмшатиши натижасида хусусий истеъмолнинг тикланиши ва экспорт ошиши ҳисобига йил якунига қадар ялпи ички маҳсулоти ўсиши 5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Туркия иқтисодиёти 2024 йилда 4,5 фоизга ўсишини кутмоқда ва инфляциянинг доимий юқорилиги шароитида пул-кредит ва фискал сиёсатнинг қатъийлашиши давом этиши кутилмоқда.
Қозоғистон иқтисодиётининг йиллик ўсиши жорий йилнинг якунларига кўра, пул кредит шароитларининг юмшатилиши ва истеъмолчилар талабига фискал рағбатлантиришнинг таъсирини ҳисобга олган ҳолда 5,3 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.