ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Ҳиндистон, Мўғулистон ва Малайзия делегациялари билан музокаралар ўтказди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Кудратов Ҳиндистоннинг "Adani Group" компаниясининг Бизнесни ривожлантириш бўйича директори Ашиш Хан бошчилигидаги делегацияси билан музокаралар ўтказди.
Лазиз Кудратов Ҳиндистон, Мўғулистон ва Малайзия делегациялари билан музокаралар ўтказди
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли
Унда энергетика, транспорт ва логистика, кончилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби муҳим тармоқларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Электр станцияларини қуриш, инфратузилмани ривожлантириш ва логистика имкониятларини кенгайтириш ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Музокаралар натижасида томонлар ҳамкорликни ривожлантиришга собит қолишларини билдиришди ва янги лойиҳа ташаббусларини амалга ошириш учун асосий тармоқларни белгилаб олишди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, Мўғулистон Давлат Буюк Хурали депутати, “Мўғулистон-Ўзбекистон” парламентлараро гуруҳи раиси, Ўзбекистондаги парламент сайловларида Мўғулистондан кузатувчилар миссиясига раҳбарлик қилаётган Сухбаатар Эрденебат билан музокаралар ўтказилди.
Лазиз Кудратов Ҳиндистон, Мўғулистон ва Малайзия делегациялари билан музокаралар ўтказди
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли
Суҳбатда олий даражада эришилган келишувларни босқичма-босқич ва ўз вақтида амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон саноати соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Декабрь ойида Ўзбекистон-Мўғулистон ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилишини ўтказишга тайёрлик билдирилди. Унда Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида имтиёзли савдо масалалари, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим ва икки давлат ўртасида саноат кооперацияси дастури муҳокама қилиниши режалаштирилган.
“Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва муҳокама қилинган йўналишларни амалга оширишни жадаллаштиришга тайёрлигини билдиришди”, — дея қайд этилган хабарда.
Вазир Малайзия парламенти юқори палатаси раиси ўринбосари Нур Жазлан Моҳамад билан ҳам учрашди.
Лазиз Кудратов Ҳиндистон, Мўғулистон ва Малайзия делегациялари билан музокаралар ўтказди
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли
Қайд этилишича, Ўзбекистон Малайзияга хизматлар, кимё ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини оширмоқда. Тошкентдаги Малайзия элчихонасида Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорациясининг (MATRADE) ваколатхонаси очилди. Ўзбекистонда Малайзия капитали иштирокидаги 37 та корхона фаолият юритмоқда.
Томонлар ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришнинг янги истиқболли йўналишларини белгилаб олиб, амалдаги келишувларни фаоллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида келишиб олишди.
“Улар орасида Малайзиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан қўшма лойиҳаларни жойлаштиришга мўлжалланган “Ўзбекистон-Малайзия саноат зонаси” ташкил қилиш ташаббуси ҳам бор”, — дея аниқлик киритилган хабарда.
Учрашув якунлари бўйича ҳар икки томоннинг масъул шахслари ҳамда муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари белгилаб олинди ҳамда келгусида ҳамкорлик қилиш механизми ишлаб чиқилди.
Нозимжон Холмуродов “Эко Евроосиё” жамғармаси бошқаруви раиси Ҳикмет Эрен билан учрашув ўтказди.
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли
Қолаверса, инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Нозимжон Холмуродов “Эко Евроосиё” жамғармаси бошқаруви раиси Ҳикмет Эрен билан учрашув ўтказди. Учрашувда 2025 йилнинг биринчи ярмида Анқарада Ўзбекистон-Туркия тадбиркорлик саммитини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.