Ўзбекистон ИҲТ мамлакатлари билан савдони осонлаштириш бўйича келишув имзолайди

Вазирлик: сўнгги 5 йилда Ўзбекистоннинг ИҲТ давлатлари билан ташқи савдо айланмаси ҳажми 37 фоизга ўсди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 окт — Sputnik. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) бош котиби Асад Мажид Хон билан учрашди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ИҲТ мамлакатлари дунё энергетика ресурсларининг учдан бир қисмига эгалик қилади. Кудратов ИҲТ мамлакатлари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда Ташкилот Котибиятининг муҳим ролини юқори баҳолади.
Асад Мажид Хон эса қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган концептуал лойиҳа ва ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш ва келишиш жараёнида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

“Гап ИҲТ мамлакатлари билан келишиш жараёнида бўлган Савдони осонлаштириш бўйича ИҲТ келишуви лойиҳаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида Савдо, инвестициялар ва инновациялар марказини ташкил этиш консепцияси каби ҳужжатлар ҳақида бормоқда”, — дейилади хабарда.

Музокаралар якунида томонлар Ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга собитлигини тасдиқлашди. Келаси йилнинг апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган ИҲТга аъзо мамлакатларнинг “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” саноат кўргазмасида иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Маълумот учун, сўнгги 5 йилда Ўзбекистоннинг ИҲТ давлатлари билан ташқи савдо айланмаси ҳажми 37 фоизга ўсиб, 2023 йил якунига кўра 12,3 миллиард долларни ташкил этди. Фақат шу йил бошидан буён ИҲТ мамлакатлари капитали иштирокида мамлакатда 900 тадан ортиқ янги корхоналар ташкил этилди ва уларнинг умумий сони 5 мингтага етди. Охирги уч йилда ИҲТ давлатларидан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар оқими 5 миллиард доллардан ошди.
ИҲТ давлатларида чегарасиз туризм: Шаҳрисабздаги форумда декларация қабул қилинди