Украинада сайловлар қачон ўтказилишини маълум бўлди

Зеленский идораси: сайловлар можаро тугаганидан сўнг дарҳол ўтказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Владимир Зеленскийнинг идораси раҳбари Андрей Ермакнинг айтишича, Украинадаги сайловлар қуролли можаро тугаганидан сўнг дарҳол бўлиб ўтади, чунки ҳозирда Киевнинг барча ресурслари унга қаратилган, деб ёзмоқда РИА Новости.
“(Сайловлар бўлиб ўтади – таҳр.) уруш тугаганидан сўнг дарҳол. Зеленский жуда аниқ айтди: у барча аскарлар хориждаги қочқинлар каби овоз бериш имкониятига эга бўлишини истайди. Аммо бугун ресурслар урушга кетиши керак”, — деди у Италия газетасига берган интервьюсида.
Россия президенти Владимир Путин БРИКСнинг 16-саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида “Киев режими етакчилари” Россия билан музокара ўтказмоқчи эмаслигини айтди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, тинчлик музокараларининг бошланиши ҳарбий ҳолатни бекор қилиш заруратига олиб келади ва шундан сўнг дарҳол президентлик сайловларини ўтказиш керак бўлади, эҳтимол Украина бунга ҳали тайёр эмас.
Октябрь бошида Украинада ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, украиналикларнинг деярли 70 фоизи ҳарбий ҳолатга қарамай, мамлакатда сайловлар ўтказилиши керак, деб ҳисоблагани маълум бўлди. Зеленскийнинг ваколат муддати 20 май куни тугади. Украинада 2024 йилги президентлик сайловлари ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик сабаб бекор қилинди.
Зеленский сайловлар энди “бевақт” эканини айтди. Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин, дастлабки баҳолашга кўра, Украинадаги ягона қонуний ҳукумат парламент ва Олий Рада спикери эканлигини таъкидлаган эди.