ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан бирга Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 59-сайлов участкасига ташриф буюриб, парламент сайловларида овоз берди.
Шунингдек, Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов Шайхонтоҳур туманидаги 427 сайлов участакасида, "Адолат" СДП раиси Робахон Махмудова Мирзо Улуғбек туманидаги 21 сайлов участкасида, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов Юнусобод туманидаги 520-сайлов участкасида, қолаверса “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров ва Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев ҳам сайловда овоз берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 32-сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз бериш жараёнида иштирок этди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлиги учун сайловда овоз бериш соат 08:00 дан 20:00 гача ўтказилади.