Ойбек Усмонов Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси этиб тайинланди

Дипломат пушту-дари ва инглиз тилларини мукаммал билади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Ўзбекистоннинг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ойбек Усмонов Афғонистон пойтахтига ташриф буюрди, дея хабар берди "Дунё" АА.
Дипломат 62 ёшда. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология ва шарқшунослик факультетини тамомлаган, 2020-2024 йилларда Покистондаги элчи лавозимида ишлаган.
Ойбек Усмонов 1998 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб, марказий аппаратда ва мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида турли лавозимларда ишлаб келмоқда.
Кобулга тайинланишидан олдин у Миср ва Покистондаги элчи, 2011-2012 йилларда эса Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.
Пушту-дари ва инглиз тилларини мукаммал билади.
Ойбек Усмонов 2012-2024 йилларда Кобулда элчи бўлиб ишлаган Ёдгорхўжа Шодманов ўрнига тайинланди.