TOШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги авиақатновлар сони 50 тагача оширилади. Бу бўйича келишув Малайзияда бўлиб ўтган ICAN-2024 тадбирида имзоланди, дея хабар берди “Ўзавиация” агентлиги.
Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО)га аъзо давлатларнинг “Авиация маъмуриятлари” ўртасида халқаро авиаташувлар бўйича келишувга эришиш юзасидан ICAN-2024 тадбири бўлиб ўтмоқда.
Тадбирда 100 тага яқин мамлакат ўртасида пандемиядан сўнг авиақатновларни қайта тиклаш ҳамда парвозлар географиясини ошириш, авиация соҳасини мамлакат иқтисодиётининг драйверига айлантириш мақсадида музокаралар олиб борилмоқда.
“Денгизга чиқиш имконияти чекланган ҳамда узоқ масофаларга йўловчи ташиш бўйича авиация соҳаси ягона транспорт тури сифатида қараладиган Ўзбекистон учун бу улкан имконият”, — дейилади хабарда.
Тадбирда Саудия Арабистони ҳамда Ўзбекистон авиация маъмуриятлари ўртасида авиақатновлар тўғрисидаги янги битим имзоланди.
Проходит мероприятие ИКАО ICAN2024, посвященное переговорам по международному воздушному транспорту
© Агентства “Узавиация”
Битимда қуйидагилар назарда тутилган:
икки давлат ўртасида ҳафталик мунтазам авиақатновларни 50 тагача ошириш;
Умра зиёрати бўйича юзага келган муаммоларни бартараф этиш;
авиақатновларда янги тартибни жорий этиш;
авиакомпанияларнинг йўловчилар олдида масъулиятини ошириш;
ҳар икки мамлакат авиакомпанияларини чартер парвозларини амалга оширишда тўланиши талаб этиладиган роялти божларидан озод этиш.
“Мазкур битим сўнгги икки йил давомида икки мамлакат Транспорт вазирликлари ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтитсодий ҳамкорликни ҳамда транспорт логистикасини, шунингдек, Ўзбекистонда кенг йўлга қўйилаётган Зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун хизмат қилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Шу кунга қадар икки мамлакат ўртасида авиақатновлар қисман мунтазам ва асосан чартер асосида амалга ошириб келинган.
Таъкидланишича, тадбирда Ўзбекистоннинг Иордания ва Кувайт билан ҳам келишувлар имзолаши режалаштирилган.