Тошкентда Москва билан икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Мулоқотга Ўзбекистон ва Россия ҳукумати, бизнес ва таълим муассасалари вакиллари таклиф этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Ўзбекистон пойтахтида Москва ва Тошкент ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликка бағишланган анжуман бўлиб ўтди, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Иштирокчилар орасида Москва ҳукумати вазири Сергей Черёмин, Россия пойтахти ташқи иқтисодий ва халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги савдо вакили Константин Злигостев, Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Санжар Тожиев ҳам бор.
Тошкентда Москва кунлари доирасида ташкил этилган конференция, икки давлат ҳукумати, бизнес ва таълим муассасалари вакиллари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш, муваффақиятли тажриба алмашиш ва икки томонлама ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга қаратилган конструктив мулоқот учун платформа яратди. Хусусан, туризм ва маданий-гуманитар лойиҳалар соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Пойтахт ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Санжар Тожиевнинг айтишича, 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида Тошкентга 640 мингдан ортиқ россиялик сайёҳ ташриф буюрган. Шунингдек, у Тошкент ва Москва ўртасида ҳафтасига ўртача 60 та рейс амалга оширилаётганини таъкидлади.
“2025 йилда Тошкентда Москва кунлари ва Москвада Тошкент кунларини ҳам ўтказишни режалаштирганмиз”, — деди ҳоким ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, Тошкент ва Москва ўртасидаги ҳамкорлик ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун муҳим.
“Ўзбекистон лол қолдира олади”: Москвада мамлакат туризм салоҳияти тақдим этилди