ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 28-29 октябрь кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади ва президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинади, деб хабар берди Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова брифингда.
“28-29 октябрь кунлари Ташқи ишлар вазири амалий ташриф билан Ўзбекистон Республикасида бўлади. Сергей Лавровни республика президенти қабул қилиши, шунингдек, ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири билан музокаралар олиб бориши режалаштирилган”, — деди Захарова.
Унинг аниқлик киритишича, музокаралар чоғида асосий эътибор икки давлат ўртасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантиришга қаратилади.
Россия ТИВ расмий вакили республиканинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи мақоми ҳисобга олинган ҳолда Евроосиё интеграцияси жараёнларини дипломатик қўллаб-қувватлаш алоҳида мавзу бўлишини айтди.
Шунингдек, Россия ТИВ раҳбарининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан суҳбати режалаштирилган.