ТОШКЕНТ, 23 окт — Sputnik. БРИКС давлатлари сўзда эмас, балки амалда дунёдаги вазият учун масъулиятни кўрсатмоқда. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин БРИКС саммитининг тор доирадаги йиғилишида маълум қилди.
"БРИКС давлатлари сўзда эмас, балки амалда дунёдаги вазият учун масъулиятни кўрсатмоқда", — деди у.
Путин, шунингдек, Россия БРИКСнинг жаҳондаги нуфузини мустаҳкамлашга интилаётганини ҳамда глобал ва маҳаллий муаммоларни ҳал қилишга эътибор қаратишини таъкидлади.
“Биз БРИКС нуфузини мустаҳкамлашга, унинг жаҳон ишларида, долзарб глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишдаги ролини оширишга интилдик”, — деди Россия раҳбари.
Путин Россия БРИКСга раислик қилган даврда бирлашмага аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг учта асосий йўналиши бўйича ишлаганини ҳам эслатди.
“Биз БРИКС нуфузини мустаҳкамлашга, унинг жаҳон ишларида, долзарб глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишдаги ролини оширишга интилдик ва давлатларимизнинг учта асосий йўналишда кўп қиррали ҳамкорлигини чуқурлаштиришга ҳар томонлама ҳисса қўшдик: сиёсат ва хавфсизлик, иқтисод ва молия, маданий-гуманитар алоқаларда”, — деди Россия президенти.
Унинг таъкидлашича, янги мамлакатларнинг БРИКС фаолиятига муаммосиз ва тўлиқ интеграциялашувини таъминлаш учун кўп ишлар қилинмоқда.
БРИКСнинг кенгайиши ҳақида гапирар экан, Россия раҳбари Глобал Жануб ва Шарқ давлатларининг бирлашишга бўлган мисли кўрилмаган қизиқишини эътиборсиз қолдириш нотўғри эканлигини таъкидлади.
“Албатта, БРИКС билан алоқаларни мустаҳкамлашда Глобал Жануб ва Шарқ давлатларининг мисли кўрилмаган қизиқишини эътиборсиз қолдириш нотўғри бўлар эди. 30 дан ортиқ давлатлар аллақачон у ёки бу шаклда бу истагини билдирган. Шу билан бирга, мувозанатни сақлаш ва БРИКС самарадорлигининг пасайишига йўл қўймаслик керак”, — деди Путин.
Россия раҳбарининг бошқа баёнотлари:
Биз барчамиз БРИКСнинг жадал ривожланиши, унинг нуфузи ва дунё ишларидаги таъсири кучайиб бораётганига гувоҳмиз.
БРИКС мамлакатлари улкан сиёсий, иқтисодий, илмий ва демографик салоҳиятга эга.
БРИКС таркибига ҳамфикр одамлар, турли қитъаларни ифодаловчи суверен давлатлар, ривожланиш моделлари, динлар, ўзига хос цивилизациялар ва маданиятлар киради.
Россия Федерацияси раҳбари, шунингдек, БРИКСга аъзо барча давлатлар тенглик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг юксак ғояларини қарор топтириш, умуминсоний барқарорликва фаровонлик тарафдори эканини қўшимча қилди.
Саммит давомида делегациялар раҳбарлари глобал кун тартибининг энг долзарб жиҳатларини муҳокама қилишади, БРИКС давлатларининг халқаро майдондаги ҳамкорлиги, жумладан, ўткир минтақавий можароларни ҳал этиш масалалари юзасидан фикр алмашишади. Бундан ташқари, гап бирлашма доирасидаги кейинги молиявий ҳамкорлик контекстида юзага келган вазият ҳақида бормоқда.