ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Ўзбекистон Малайзия билан сунъий интеллект ва катта ҳажмли маълумотлар бошқаруви соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик ўрнатади. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси раҳбарияти Куала-Лумпур шаҳридаги Осиё-Тинч океани технология ва инновация университетига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида мазкур университет ҳаммуассиси ва бош директори Пармжит Сингх билан учрашув ўтказилди. Унда мазкур таълим даргоҳи билан олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида Ўзбекистон давлат университетлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хориж томонга Ўзбекистонда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Пармжит Сингх Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ахборот коммуникациялари, рақамли технологиялар, киберхавфсизлик йўналишларида таълим дастурларини ташкил этиш, қўшма факультет очиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинув дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Бу борада Ўзбекистоннинг етакчи университетлари билан ўзаро ҳамкорликка оид таклифларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида хориж томони билан сунъий интеллект, ахборот технологиялари, катта ҳажмли маълумотлар (Big Data) бошқаруви мутахассисликлари бўйича ўқитувчилар малакасини ошириш ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев университетнинг киберхавфсизлик, молиявий мониторинг ва менежмент, маълумотларни бошқариш каби қатор соҳаларда фаолият олиб бораётган лабораториялари билан танишди.