Шавкат Мирзиёев Она ва бола саломатлиги маркази жамоасини табриклади

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги маркази 50 йиллик юбилейини нишонламоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги маркази ходимларини табриклади.
"Аввало, сиз, азизларни мамлакатимиздаги нуфузли тиббиёт муассасаларидан бири – Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги маркази ташкил этилганининг 50 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман", - дейилади табрик сўзида.
Ўз табрик сўзида Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистонда хавфсиз оналик, она ва бола саломатлиги масалаларига катта эътибор берилаётганини таъкидлаб ўтди.
Хусусан, Она ва бола саломатлик марказининг 14 та ҳудудий филиали ва 46 та туманлараро перинатал маркази ва 170 дан ортиқ туғруқ комплекси ва 209 та "Аёллар маслаҳатхонаси" томонидан барча вилоят ва туманларда 9,2 миллион туғруқ ёшидаги аёллар қамраб олингани қайд этилди.
"Сизларни бугунги қувончли сана билан яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, масъулиятли фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, оилаларингизга тинчлик ва бахту саодат тилайман", - деди президент.