TOШКЕНТ, 18 окт — Sputnik. Исроил ҳарбийлари ҲАМАС раҳбари Яҳё Синварни ўлдирди. Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) буни расман тасдиқлади.
Маълум қилинишича, операция 16 октябрь куни амалга оширилган.
Яҳудий давлати расмийлари ҲАМАС етакчисини 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган ҳужумнинг асосий ташкилотчиси ва илҳомлантирувчиси деб ҳисоблайди.
ҲАМАС етакчиларидан бири Холид Машъал Яҳё Синвар йўқ қилингандан кейин ҳаракат раҳбари вазифасини бажармоқда, деб хабар бермоқда Ливаннинг LBCI телеканали манбаларга таяниб.
“Машъал ҳаракат раҳбари вазифасини бажарувчи ролини ўз зиммасига олди”, — дейилади хабарда.
ҲАМАС раҳбарияти Туркия, Қатар ва Миср расмийларини Яҳё Синварнинг ўлими ҳақида хабардор қилганини телеканал манбалари тасдиқлади.
Маълумот учун, Синвар жорий йилнинг август ойида ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилганидан кейин ҳаракат раҳбари этиб сайланганди.