Халқаро йўлларимиз энг юқори талабларга жавоб бериши шарт — Мирзиёев

Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон оралиғидаги пулли йўл лойиҳалари жадаллаштириштирилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Андижон билан Қўнғиротни, Термиз билан Тошкентни боғлайдиган жами 4 минг километрлик халқаро йўллар энг юқори талабларга жавоб бериши шарт. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев йўл хўжалиги соҳасида қилинган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга оид тақдимотда маълум қилди.
Қайд этилишича, янги қурилган йўлларнинг эксплуатация муддати 15-20 йил бўлади. Уларнинг ҳолати 42 та турдаги кўрсаткич бўйича текшириб борилади.
Тақдимотда соҳадаги лойиҳалар ва режалар ҳақида ахборот берилди:
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таҳлилига кўра, сифатли йўллар Ўзбекистон иқтисодиётининг камида 2 фоиз ўсишига туртки беради;
бугунги кунда халқаро молия ташкилотлари билан 729 километр йўлни реконструкция қилиш бўйича 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, яқин кунларда “Қўнғирот-Бейнау” йўналишидаги 240 километр йўл фойдаланишга топширилади;
Гулистон – Андижон, Душанбе – Термиз, Бухоро – Туркманбоши, Урганч – Ҳазорасп йўлларининг муайян қисмлари қайта қурилади;
соҳага хусусий сектор вакиллари ҳам кенг жалб қилинмоқда;
ҳудудлардаги жами 260 километр йўлларнинг эксплуатацияси аутсорсинг асосида тадбиркорларга берилди;
Осиё тараққиёт банки лойиҳаси доирасида 841 километр йўл қурилишида илк бор тўлиқ маҳаллий пудратчилар қатнашишига келишилди.
Рассмотрены важные задачи в дорожном строительстве

“Ўзбекистоннинг географик жойлашувини эътиборга олсак, ташқи савдода халқаро йўлларнинг аҳамияти жуда катта. Шу боис Андижон билан Қўнғиротни, Термиз билан Тошкентни боғлайдиган жами 4 минг километрлик халқаро йўлларимиз энг юқори талабларга жавоб бериши шарт", — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон оралиғидаги пулли йўл лойиҳаларини жадаллаштириш, уларни қатнов даражаси юқори бўлган участкаларда қуриш зарурлиги қайд этилди. Бундай ҳолларда муқобил бепул йўл мавжуд бўлиши алоҳида қонун билан белгиланади.
Бугунги кунда 4 минг 700 та кўприк таъмирталаб ҳолатда. Уч йиллик дастур ишлаб чиқиб, уларни босқичма-босқич таъмирлаш вазифаси қўйилди.
“Ҳудудларда йўл бўйи инфратузилмаси ривожлантирилиб, савдо ва хизматлар ташкил қилинмоқда. Тақдимотда айтилганидек, бунга қўшимча қарийб 4 минг километрлик халқаро автомагистралларда 70 та сервис мажмуаси барпо этилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Йўл ва сув тармоқлари каби инфратузилмавий лойиҳаларда халқаро молия институтлари билан яқиндан ишлаш, хорижий консультантларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.