ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ҳайъати 2023 йилга мўлжалланган интеграция жараёнларининг бизнес шароитларига таъсири мониторинги натижалари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди, деб хабар берди ЕИК матбуот хизмати.
Ҳужжат ўтган йил давомида Евроосиё интеграциясининг Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) бизнес юритиш шартларига таъсирининг барча асосий кўрсаткичлари бўйича ижобий динамикани кўрсатади.
Хусусан, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида ЕОИИнинг кучга кирган техник регламентлари сони 47 тага кўпайди, стандартлар рўйхатларидаги давлатлараро стандартларнинг улуши 67 фоизга етди.
Ўзаро товар айирбошлашнинг ўсиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этишда ҳам сезиларли ютуқларга эришилди: 2023 йилда 10 та тўсиқ ва 1 та чеклов олиб ташланди. 2015 йилдан бошлаб ЕИК қарорлари лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича ижобий хулосалар улуши максимал даражага етди - 98%.
Бу Комиссия томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун шароитларни яхшилашга қаратилган қарорларнинг умумий йўналишидан далолат беради.
“Ҳисобот Иттифоқдаги интеграция жараёнлари реал самаралар бераётгани, тадбиркорлик ривожи ва аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилаётганини тасдиқлайди. Биз ЕОИИ хизматларнинг ягона бозорини яратиш сари ишонч билан ҳаракат қилаётганини кўрмоқдамиз – бугунги кунга келиб у 142 та секторни ўз ичига олган. Бу бизнес учун янги имкониятлар яратади ва барча иштирокчи мамлакатларнинг иқтисодий ўсишига ҳисса қўшади”, — деди ЕИК иқтисодиёт ва молия сиёсати вазири Бахит Султонов.
ЕОИИ давлатлари ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмига келсак, у 2023 йилда 2022 йилга нисбатан 4,7 фоизга ошган. Шу билан бирга, шу даврда ўзаро хизматлар савдоси ҳажми 22,3 фоизга ўсди.
“Бу рақамлар, бир томондан, ЕОИИда ягона хизматлар бозорини шакллантириш ва кенгайтириш талабидан далолат беради, бошқа томондан эса – ЕОИИ доирасидаги ўзаро савдони диверсификация қилиш динамикасининг товарлар савдосига нисбатан хизматлар савдоси ҳажми ва улушини ошириш бўйича глобал тенденцияга мувофиқлиги ҳақида”, - дея тушунтирди Султонов.
Ижобий динамика меҳнат миграцияси соҳасида ҳам кузатилмоқда, унинг ўсиш суръати 2023 йилда 35 фоизга ошди. Умуман олганда, ЕОИИда рўйхатга олинган ишсизлик даражаси рекорд даражадаги энг паст кўрсаткичга – 0,8 фоизга етди.
Шунингдек, Иттифоқнинг аксарият давлатларида фаолият юритаётган юридик шахслар ва кичик корхоналар сонининг барқарор ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. ЕОИИ давлатлари ўртасида тўпланган тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмининг 11,2 фоизга ўсиши қайд этилди.