TOШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 23-мажлиси якунлари бўйича 8 та ҳужжат, шу жумладан, “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг йигирма учинчи йиғилиши якунлари бўйича қўшма комюнике” имзоланди.
Исломободда ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 23-мажлиси бўлиб ўтди. Делегациялар раҳбарлари Ташкилотнинг 2024-2025 йиллардаги амалдаги раиси сифатида Хитой Халқ Республикасини қўллаб-қувватлашларини билдиришди.
В Исламабаде началось 23-е заседание Совета глав правительств (премьер-министров) государств-членов ШОС
© Шанхайская организация сотрудничества
Қайд этилишича, ташкилотга аъзо давлатлар халқларнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлларини мустақил ва демократик танлаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш тарафдори. Улар давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги, ҳудудий яхлитлигини ўзаро ҳурмат қилиш, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик, ички ишларга аралашмаслик, куч ишлатмаслик ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик тамойиллари халқаро муносабатларни барқарор ривожлантиришнинг асоси эканлигини таъкидлашди.
Улар мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликларни мулоқот ва маслаҳатлашувлар орқали тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканликларини тасдиқлашди.
Шунингдек, делегациялар раҳбарлари санкцияларнинг бир томонлама қўлланилиши халқаро ҳуқуқ тамойилларига тўғри келмаслиги ҳамда учинчи давлатлар ва халқаро иқтисодий муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини қайд этишди.
Қолаверса, ШҲТ давлатлари, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси, шунингдек, бошқа манфаатдор давлатлар ва кўп томонлама бирлашмалар иштирокида Катта Евроосиё ҳамкорлигини яратиш таклифи қайд этилди.
В Исламабаде началось 23-е заседание Совета глав правительств (премьер-министров) государств-членов ШОС
© Шанхайская организация сотрудничества
Айтилишича, ШҲТга аъзо давлатларнинг қашшоқликни қисқартириш бўйича махсус ишчи гуруҳи фаолияти доирасида қашшоқликни бартараф этиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича ҳамкорлик янада ривожлантирилади.
ШҲТга аъзо давлатларнинг бу борадаги фаолияти БМТнинг тегишли Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида илғор дастур ва амалиёт тажрибасини тарқатишга ёрдам беради.
Мажлисда Беларусь Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига киришини ҳисобга олган ҳолда ШҲТ доимий органларининг молиявий ва ташкилий фаолиятига оид қатор масалалар бўйича қарорлар қабул қилинди.
Таъкидланишича, делегациялар раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатлар иштирокида спорт тадбирлари ва мусобақаларини ўтказишга катта аҳамият беришади. 2024 йил 9-18 декабрь кунлари Теҳронда мини-футбол бўйича ШҲТ кубоги "Ипак йўли" турнири ўтказиш таклифини қайд этишди.
В Исламабаде началось 23-е заседание Совета глав правительств (премьер-министров) государств-членов ШОС
© Шанхайская организация сотрудничества
Мажлисда сўзга чиққан Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг сўзларига кўра, Афғонистон иқтисодий жиҳатдан самарали савдо ва транзит йўллари учун имкониятлар яратиши мумкин.
“Бу имкониятга эришиш учун Афғонистондаги барқарорлик муҳим. Халқаро ҳамжамият Афғонистон муваққат ҳукуматига инсонпарварлик инқирозини енгиб ўтиш ва иқтисодий таназзулнинг олдини олиш учун зарур ёрдам, шошилинч инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиши керак”, — деди Шаҳбоз Шариф.
Шунингдек, Афғонистон муваққат ҳукуматидан сиёсий интеграцияни ривожлантириш, шунингдек, унинг ҳудудидан қўшниларига қарши террорчилик фаолияти учун фойдаланилмаслигини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўришни талаб қилиши керак.
“ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг мунтазам учрашувлари бизни бирлаштирувчи қадриятлар ҳақида эслатиб туради. Иқтисодий муаммолардан тортиб, экологик муаммоларгача, терроризм ва экстремизмча бўлган давр мураккабликларини енгиб ўтишда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз жуда муҳим. Бугунги учрашув турли мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларимиз ва ҳамкорлигимиз мустаҳкам эканидан яна бир далолатдир. Биз биргаликда ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш, минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, фуқароларимиз турмуш даражасини ошириш учун барча имкониятларга эгамиз”, — деди Покистон бош вазири.
Ташкилот бош котиби дунёда рўй бераётган жиддий ўзгаришлар шароитида ШҲТ энг йирик кўп тармоқли минтақавий ташкилот сифатида “Шанхай руҳи”ни изчил тарғиб этиб, ўзаро манфаат ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида ҳамкорликни амалга ошираётганини, шунингдек минтақада тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни сақлашда ҳам муҳим рол ўйнашини таъкидлади.
“Аъзолар сони ортиб бораётган ва ҳамкорлик йўналишлари тез суръатлар билан кенгайиб бораётган жамоамиз кўплаб қийинчиликларни енгиб ўтади. Энг кичик Котибият сифатида биз энг йирик минтақавий ташкилотга кучли ёрдам берамиз. Бугун мен Ташкилот бош котиби сифатида йиғилишда охирги марта иштирок этяпман. Муҳтарам ҳукумат раҳбарларига сўнгги уч йилдаги фаолиятимни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганликлари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман”, — дея қайд этди ташкилот бош котиби Чжан Мин.
ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари (бош вазирлари) кенгашининг навбатдаги мажлиси 2025 йилда Россия Федерациясида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, кенгаш мажлисида Россия, Беларусь, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бош вазирлари, шунингдек, Эрон биринчи вице-президенти ва Ҳиндистон олий вакили иштирок этди.