Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 4-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланди

Ҳозирги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 5-мис бойитиш фабрикаси ҳам лойиҳалаштирилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Тошкент вилоятидаги Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 4-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолияти ва янги инвестиция лойиҳалари билан танишди.
Айтилишича, 2021 йилда “Ёшлик-1” кони негизида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланган эди. Энди бу лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида 4-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланди.
Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, ушбу янги завод қурилишини бошлаб берди.
“Қиймати 5,3 миллиард долларлик бу лойиҳа орқали йилига 146 минг тонна катодли мис, 13 тонна олтин ва 73 тонна кумуш олиш қувватлари яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,9 миллиард долларга етади. Фабрика ва унинг инфратузилмаларида 3 мингдан ортиқ киши ишлайди”, — дейилади хабарда.
На Алмалыкском горно-металлургическом комбинате начато строительство 4-й медно-обогатительной фабрики
Лойиҳага хорижнинг “Wood” ва “Worley Parsons” компаниялари жалб қилинган. Ишлаб чиқаришда юқори технологик, экологик хавфсиз ва тежамкор технологиялар қўлланишини белгиланган.
“Ҳозирги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 5-мис бойитиш фабрикаси ҳам лойиҳалаштирилмоқда”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, сўнгги олти йилда Олмалиқ комбинатида саноат маҳсулоти 1,8 баравар, маҳаллийлаштириш 7,7 баравар, инвестиция 13 баравар ошган. “Рақамли ОКМК – 2030” стратегияси доирасида 70 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган.