Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик бироз пасайди

Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозори ўртача нархларида пасайиши кузатилмоқда. Пойтахт ижара нархларида барқарор тенденция кузатилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида пасайиш тендецияси кузатилди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлилига кўра, сентябрь ойида рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони август ойига нисбатан 4,2% га камайиб, 21,2 мингтани ташкил этган.
Қайд этилишича, сентябрь ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик бироз пасайган. Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозори ўртача нархларида пасайиши кузатилмоқда. Пойтахт ижара нархларида барқарор тенденция кузатилмоқда.
Демак, йиллик ҳисобда кўчмас мулк бозорида фаоллик сезиларли пасайиб, ўтган йилнинг сентябрь ойига солиштирганда уй-жой савдоси билан боғлиқ шартномалар сони 9 фоизга камайган.
2024 йилнинг учинчи чорагида йил давомида уй-жой савдоси 13 фоизга камайиб, 66,5 мингтани ташкил этди.

“Сентябрь ойида ҳудудлар кесимида рўйхатга олинган кўчмас мулк битимлари сонида энг катта пасайиш Жиззах, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида мос равишда 20%, 14% ва 13% га қайд этилди. Учинчи чорак якунларига кўра, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик Тошкент (25,7%), Бухоро (24,3%) ва Наманган вилоятларида (18,7%) нисбатан сезиларли даражада пасайган”, — дейилади хабарда.

Сентябрь ойида республика бўйича иккиламчи бозор уй-жой нархлари деярли ўзгармади (0,1 фоизга ўсиш). Йил давомида иккиламчи бозорда 1 кв.м. учун ўртача уй-жой нархи 6,7 фоизга ошди.
Ҳудудлар кесимида иккиламчи бозор уй-жой нархлари сезиларли даражада Хоразм (19,5%), Бухоро (12,5%) ва Самарқанд (10%) вилоятларида кўтарилган. Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар 1 фоизга пасайди.
Энг катта пасайиш Мирзо-Улуғбек - 2,5% ва Юнусобод - 2,4% туманларида кузатилди. Пойтахтнинг яна иккита туманида нархлар ошди - Яккасаройда - 1,1% ва Шайхонтоҳурда - 0,3%.
Йиллик ҳисобда Тошкентда иккиламчи уй-жойлар нархининг ўртача ўсиши 1,8% ни ташкил этди.
Сентябрь ойида Тошкентда уй-жой ижара нархларининг барқарорлашуви давом этди. Ижара ўртача нархи ўтган ойга нисбатан ўзгармаган – 1 кв. м. учун 8,3 доллар. Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида ижара нархларида ўртача ўсиш қайд этилиши бозордаги вазиятнинг барқарорлашувидан далолат беради.
Пойтахтнинг 14 та марказий туманларидан учтасида уй-жой ижараси нархи пасайди. Ижара нархи Олмазорда - 14,6%, Учтепада - 7,4%, Бектемир туманида - 3,8 фоизга пасайган. Шунингдек, нархларнинг энг катта ўсиши Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида қайд этилиб, туманларда ижара нархи ўртача 7 фоизга ошди.
Тошкент шаҳри туманлари кесимида ижара нархидаги фарқлар кескин ўзгармаган. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқори бўлиб, ижара нархи 10 доллар атрофида.
Бектемир ва Сергели туманларида ижара нархлари нисбатан арзон шаклланиб, кв.м. учун ўртача 6 долларни ташкил этди.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида ижара нархлари бугунги кунга нисбатан, ўртача 8,4 фоизга юқори. Бу эса бозорнинг ушбу сегментида умумий пасайиш тенденцияси сақланиб қолинаётганини кўрсатади.
Шу билан бирга йил давомида ижара нархининг сезиларли пасайиши Яшнабод (16,2%), Олмазор (12,2%) ва Яккасарой (11%) туманларида кузатилди.