ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik. Тошкент туманида йил якунига қадар 34 минг 443 та иш ўрни яратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига ташрифи давомида маълум қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг ривожи, аҳоли ҳаёти ва янги лойиҳалар билан танишди. Давлат раҳбари дастлаб Тошкент туманига ташриф буюрди.
Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташриф буюрди.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Қайд этилишича, шу йилнинг 6 ойида туман иқтисодиёти 23 фоиз ўсган. Янги қурилишлар ва улардаги корхоналар негизида солиқ манбаси кўпайган. Тошкент туманида 70 та маҳалла, 62 мингта оила бор. Аҳволи оғир бўлган 372 та оилага кўмаклашиш учун масъуллар ва чоралар белгиланган.
“Режадаги лойиҳалар, бандлик ҳамда тадбиркорлик дастурлари доирасида йил якунига қадар 34 минг 443 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган”, — дейилади хабарда.
Президент хонадонлардаги имкониятларни юзага чиқариш, тадбиркорларнинг камбағал оила вакилларини ишга олишини рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди.
Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташриф буюрди.
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Тошкент тумани пойтахтимизнинг ёнгинасида. Бу ерда уй-жой, ишлаб чиқариш, тижорат, хизмат бўйича жуда катта имкониятлар бор. Иш тўғри ташкил қилинса, ўзи бу туманда камбағалчилик бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун иқтисодий комплексга, маҳаллаларга бераётган имкониятлардан фойдаланиб, камбағалликдан фаровонлик сари юриш керак”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Айтилишича, пастқам уйлар ўрнида 41 та кўп қаватли турар жой қурилди.
Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташриф буюрди.
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Энди улардаги 2 минг 536 та хонадонда 11 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Бу уйларнинг ертўла ва биринчи қаватида савдо, умумий овқатланиш, маиший ва молиявий хизматлар бўйича 270 та шохобча ташкил қилинмоқда. Уларда 1 минг 350 киши, жумладан, шу ерлик ёшлар ва аёллар ишли бўлади”, — дея қайд этилган хабарда.
Шунингдек, Тошкент туманида йил якуни билан қарийб 53 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига саноатда ўсиш суръати 9 фоиз, хизмат кўрсатишда 13 фоиз бўлиши кутилмоқда. Экспорт ҳажмини 100 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.